Францияда 12-норозилик намойиши бўлиб ўтди

Олам

image

Бугун, 13 апрель куни Франциядаги касаба уюшма марказлари республика Конституциявий кенгаши томонидан эртага, 14 апрель куни пенсия ислоҳотининг қонунийлиги тўғрисидаги қарор қабул қилиниши олдидан 12-умуммиллий норозилик намойишини ўтказди. Бу ҳақда “France 24” хабар берди.

Намойишчилар дастлаб мамлакат пойтахти марказидаги Opera national de Paris мажмуаси ёнидаги майдонига тўпланган. Кейин соат 14:00 (Тошкент вақти билан 17:00) да намойишчилар Парижнинг шарқий қисмидаги Бастилия майдонига юришни бошлаган. 

Митинг иштирокчилари ҳукуматни ислоҳотдан воз кечишга ва Конституциявий кенгашни уни ноқонуний деб тан олишга чақирувчи плакатларни ушлаб турган. Намойишчилар петардаларни портлатиб, пиротехника ишлатган.

Ҳуқуқ-тартибот ходимларининг прогнозларига кўра,  Париждаги ҳаракатларда 40 дан 70 минггача киши қатнашиши кутилмоқда. Бутун мамлакат бўйлаб эса 600 мингга яқин одам кўчаларга чиқиши мумкин.

Намойишлар Париждан ташқари Бордо, Лион, Марсель, Монпеле, Нант, Страцбург, Ренн, Тулуза ва Франциянинг бошқа шаҳарларида бўлиб ўтмоқда.

12-миллий норозилик намойиши муносабати билан Париж ахлат йиғувчилари ҳам иш ташлаган. Пойтахтда чиқиндиларни йиғиш учун масъул бўлган муниципал ишчилар пойтахт кўчаларини жамоат чиқиндихонасига айлантириб, пенсия ислоҳоти тўғрисидаги қонун бекор қилинмагунча иш ташлашни давом эттириш ниятида эканини билдирган.

Умумий меҳнат конфедерацияси касаба уюшмаси маркази раҳбари Софи Бинет Парижнинг жанубий чеккасидаги чиқиндиларни ёқиш заводи ҳудудида бўлаётган ахлат йиғувчиларнинг намойишига борган ва бу норозиликнинг охирги куни эмаслиги, улар ҳали кўп учрашишини айтган.

“Айрим касб эгалари 60 йилдан кейин ишлашни давом эттира олмайди”, деган у намойишчиларни қўллаб.

Бундай иш ташлаш 6-29 март кунлари ҳам бўлиб ўтган, оқибатда Париж кўчаларида 10 минг тоннагача чиқиндилар тўпланиб қолган эди.

Бундан ташқари, Франция ғарбидаги Донж ва мамлакат жануби-шарқидаги Ла Меде шаҳридаги Total Energies нефтни қайта ишлаш заводлари ходимлари ҳам иш ташлашга қўшилди. Хусусан, Донж коммунасида нефтни қайта ишлаш заводи фаолиятига масъул бўлган ходимларнинг 85 фоизи иш ташлашни қайта бошлаш учун овоз берган.

Мамлакатда давом этаётган норозилик кайфияти айрим вилоятларидаги ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин тақчиллигига сабаб бўлган. Хусусан, Иль-де-Франс минтақасидаги ёқилғи қуйиш шохобчаларининг 32 фоизида танқислик мавжуд бўлса, мамлакатнинг марказий қисмидаги Луара водийсида бу кўрсаткич 27 фоизни ташкил этган.

Эслатиб ўтамиз, Францияда пенсия ёшини 62 дан 64 га кўтарадиган ва бир қатор махсус пенсия режимларини бекор қиладиган ислоҳот лойиҳаси январь ойида тақдим этилган эди. Бу ташаббус бутун мамлакат бўйлаб намойишлар ва иш ташлашларга сабаб бўлди. 16 март куни Франция Бош вазири Элизабет Борн парламентни четлаб ўтиб, ҳукумат масъулияти остида пенсия тизимига ўзгартиришлар киритиш бўйича қонун лойиҳаси қабул қилинганини эълон қилди. Касаба уюшмалари ва мухолиф сиёсий партиялар вакиллари ҳукуматнинг бу ҳаракатини қоралаб, ҳукумат ислоҳотларни бекор қилмагунча иш ташлашларни давом эттиришга чақирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция намойиш митинг пенсия ислоҳоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг