“Фақат руслар эмас”. Зеленский дунёга дон сотиш учун биргина шарт қўйди

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский Россия кемаларининг Украина портларига киришига қарши. Бу ҳақда унинг ўзи “Financial Times” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Унга кўра, буғдой экспорти учун мамлакатнинг ҳамкор давлатлари кемалари хавфсиз йўлак ташкил қилиши керак. 

“Ҳамма жуда яхши билади, биз Россия кемаларини портларимизга киритмаймиз, чунки улар ҳар куни бизга ҳужум қилади. Бу борада Москва билан ҳеч қандай келишувга эришиб бўлмайди. Ҳамма Украина борини 100 фоиз экспорт қилишга тайёрлигини билади. Биз оддий цивилизациялашган шароитларга тайёрмиз, аммо хавфсиз шароитда... Биз таклиф қилган схема оддий, БМТ томонидан қўллаб-қувватланган. Хавфсиз денгиз йўлаги схемаси Россия Федерациясидан ташқари исталган ҳамкор давлат кемалари томонидан амалга оширилиши мумкин”, дейди Зеленский.

Маълумот учун, Россия, Туркия, Украина ва БМТ Украина портларидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш учун хавфсиз йўлакнинг ишлашини таъминлайдиган “йўл харитаси” – Истанбул режасини тайёрлаган. 

Истанбулдаги мувофиқлаштириш марказининг ишга туширилиши Украина портларидан жаҳон бозорларига 20 миллион тонна донни экспорт қилиш имконини бериши айтилган.

Яқин кунларда Истанбулда барча манфаатдор томонларнинг “Йўл харитаси” тафсилотларини муҳокама қилиш учун йиғилиш ўтказилиши кутилмоқда. Тўрт томонлама форматда йўналиш, суғурта, кема хавфсизлиги, портни миналардан тозалаш, шунингдек, Қўмондонлик маркази таркиби каби масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

44

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг