Эронда яна намойишлар бошланди

Олам

image

Эронда нотўғри ҳижоб кийгани учун “Гашт-э Эршад” патрули (ахлоқ полициясининг расмий номи) томонидан ҳибсга олинганидан сўнг ҳалок бўлган 22 ёшли Маҳса Аминининг ўлимига қарши норозилик намойишлари 15 кундан бери давом этмоқда.

Кучайтирилган хавфсизлик чораларининг қабул қилиниши туфайли Ислом Республикасида сўнгги икки кун нисбатан хотиржам ўтди, бироқ кейин мамлакатдаги кўплаб университетларни қамраб олган норозилик намойишлари шаҳарлар кўчаларида янги тартибсизликларнинг бошланишига туртки бўлди.

Эрон пойтахти Теҳрон, шунингдек, Сенандеж, Шеҳре Корд, Шаҳиншаҳр, Эрак, Букан, Бабол, Кариж, Машҳад ва Кирмоншоҳ каби шаҳарларда норозилик акциялари 1 октябрь куни кечгача давом этди.

Ижтимоий тармоқлардаги видеоларда намойишчилар ахлат қутиларини ёқиб юбораётгани, йўлларда баррикадалар қураётгани ва тўғридан-тўғри кўчаларда олов ёқаётганини кўриш мумкин.

Бир қатор шаҳарларда намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашувлар юз берди, полиция кўздан ёш оқизувчи газ ишлатди.

Илгари ижтимоий тармоқларда намойишларни қайта бошлашга чақирувчи постлар эълон қилинган, шунингдек, фуқароларга тегишли мазмундаги рисолалар тарқатилган эди.

Кўплаб университетларда ҳибсга олинган талабаларни қўллаб-қувватлаш ва уларни озод қилиш талаби билан акциялар ўтказилди.

Хавфсизлик кучлари, суд ҳокимиятининг буйруғи билан, намойишчиларни “жамоат хавфсизлигига таҳдид” учун ҳибсга олишни бошлади. ОАВ маълумотларига кўра, 2000 га яқин одам ҳибсга олинган, улар орасида талабалар, таниқли шахслар ва журналистлар ҳам бор.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 сентябрь куни Эронда ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Амини вафот этди. Унинг вафотидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланди.

Намойиш сифатида бутун мамлакат бўйлаб аёллар ҳижобни ёқиб, сочларини кесмоқда. Ушбу норозилик дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам акс-садо бермоқда.Намойишчилар кўчаларни тўсиб, хавфсизлик кучларига тош отди, полиция машиналари ва ахлат қутиларига ўт қўйди, ҳукуматга қарши шиорлар айтишди.

Амини ўтган ҳафта пойтахтда Эрон ахлоқ полицияси томонидан аёлларнинг сочларини ҳижоб ёки рўмол, қўл ва оёқларини кенг кийим билан ўрашни талаб қилувчи қонунни бузганликда айбланиб ҳибсга олинган эди. 

Қўлга олинганидан уч кун ўтгач, Амини вафот этди. Расмийларга кўра, ўлимга "юрак етишмовчилиги" сабаб бўлган. Аммо марҳумнинг қариндошлари қизнинг юрагида ҳеч қачон муаммо бўлмаганини даъво қилмоқда. Улар жабрланувчини калтаклаш оқибатида вафот этган, деб тахмин қилмоқда. 

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада Ал-Нашиф Амини полиция томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарларга ишора қилди.

Америка Қўшма Штатлари ўтган ҳафта ҳибсга олингандан кейин вафот этган эронлик Маҳса Амини ўлими сабабли Эроннинг ахлоқ полициясига қарши санкциялар киритди. Кейинроқ Канада ҳам бир неча ўнлаб Эрон расмийлари, бизнес вакиллари, шунингдек, Эрон ахлоқ полициясига қарши санкциялар жорий этишга қарор қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Маҳса Амини

Баҳолаганлар

82

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг