Энди Маҳса Аминининг амакиси ҳам қамалди
Олам
−
12 Февраль
5251Эрон Олий суди Маҳса Аминининг амакисини намойишларда қатнашгани ва мамлакат Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийни ҳақорат қилгани учун 5 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда "Hengaw" ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, суд дастлаб 30 ёшли Сафо Аелини ички хавфсизликка қарши фитна уюштиргани учун 3,5 йил, Оятуллоҳ Хоманаийни ҳақорат қилгани учун 15 ой ва Эрон режимига қарши ташвиқоти учун 7 ой 17 кунга қамоқ жазосига маҳкум қилган.
Бироқ суд унинг маълум муддат ҳибсда бўлганини инобатга олган ва барча жазолар сарҳисоб қилиниб, Сафо Аели беш йил-у тўрт ой ва 17 кунга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Шунингдек, судья айбланувчи жазони қисмларга бўлиб ўташи мумкинлигини билдирган. Яъни белгиланган муддатнинг бир йил икки ойини у уч йиллик танаффус билан ўтайди. Бироқ олинган пауза вақтида Аели ҳар ой разведка хизматига ҳисобот бериши, шунингдек, таълим ва диний курслардан ўтиши керак бўлади.
Маълумот учун, 2022 йилда 22 ёшли талаба қиз Маҳса Амини ахлоқ полицияси томонидан “нотўғри” мажбурий рўмол ўраганликда айбланиб, ҳибсга олинган. 2022 йил 16 сентябрда у ҳибсда вафот этган. Унинг ўлими бир неча ойлик миллий норозиликларни келтириб чиқарди. Хавфсизлик кучлари билан тўқнашувларда 500 дан ортиқ одам ҳалок бўлди ва 20 000 дан ортиқ одам, жумладан ўнлаб адвокатлар ҳибсга олинди. Суд ҳокимияти намойишчиларга қаттиқ ҳукмлар, жумладан, ўлим жазоси ҳам чиқарди. Ҳозиргача ўнга яқин ёш намойишчи қатл этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Маҳса Аминининг оиласига Эронни тарк этиш тақиқланганди. У ҳақида ёзган журналистлар эса қамалганди.