Эронда 22 яшар қиз “ўлдирилди”. Намойишга чиққан аёллар рўмолини ёқиб, сочини кесмоқда
Олам
−
22 Сентябрь 2022
30027Эронда норозилик намойишларида авжида. Ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Аминининг ўлимидан сўнг мамлакатда вазият жиддий тус олмоқда.
Намойиш сифатида бутун мамлакат бўйлаб аёллар ҳижобни ёқиб, сочларини кесмоқда. Ушбу норозилик дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам акс-садо бермоқда.
Расмий IRNA ахборот агентлигига кўра, намойишларда полиция 1000 га яқин одамни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган. Жанубдаги Шероз шаҳрида содир бўлган шиддатли тўқнашувларда бир полициячи ҳалок бўлгани ва тўрт нафари яралангани хабар қилинган.
Намойишчилар кўчаларни тўсиб, хавфсизлик кучларига тош отди, полиция машиналари ва ахлат қутиларига ўт қўйди, ҳукуматга қарши шиорлар айтишди.
Пойтахт Теҳрон ва бошқа йирик шаҳарларда, жумладан, шимоли-шарқда Машҳад, шимоли-ғарбда Табриз, шимолда Рашт, марказда Исфаҳон ва жанубда Шерозда митинглар бўлиб ўтди.
Намойишлар ўтган ҳафтанинг жума куни расмийлар Амини аёллар учун қатъий кийиниш қоидаларига риоя қилиш учун масъул ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олиниши ортидан вафот этганини эълон қилганидан кейин бошланди.
Амини ўтган ҳафта пойтахтда Эрон ахлоқ полицияси томонидан аёлларнинг сочларини ҳижоб ёки рўмол, қўл ва оёқларини кенг кийим билан ўрашни талаб қилувчи қонунни бузганликда айбланиб ҳибсга олинган эди.
Қўлга олинганидан уч кун ўтгач, Амини вафот этди. Расмийларга кўра, ўлимга "юрак етишмовчилиги" сабаб бўлган. Аммо марҳумнинг қариндошлари қизнинг юрагида ҳеч қачон муаммо бўлмаганини даъво қилмоқда. Улар жабрланувчини калтаклаш оқибатида вафот этган, деб тахмин қилмоқда.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада ан-Нашиф Амини полиция томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарларга ишора қилди.
“Маҳса Аминининг фожиали ўлими, қийноқлар ва шафқатсиз муомалалар ҳақидаги даъволар мустақил ваколатли орган томонидан зудлик билан, холис ва самарали текширилиши керак, бу, хусусан, унинг оиласи адолат ва ҳақиқатга эга бўлишини таъминлайди”, деган Насиф.
Унинг таъкидлашича, БМТга "аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари акс этган кўплаб ва тасдиқланган видеолар" келиб тушган: сўнгги ойларда вице-полиция кўча патруллари сонини оширган.
19 сентябрь куни Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ёрдамчиси Аминининг оиласига ташриф буюрди. Давлат матбуотига кўра, у уларга “барча муассасалар бузилган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш учун чора кўради”, деб ваъда берган.
Эрон парламентининг таниқли аъзоси Жалол Рашидий Кучи вице-полицияни очиқчасига танқид қилиб, унинг яратилиши хато эканлигини ва Эронга фақат “йўқотиш ва зарар” олиб келганини айтди.
Эрон ҳижоб қонунлари
1979 йилдаги Ислом инқилобидан кейин Эрон ҳукумати мажбурий кийиниш қоидаларини жорий қилди, унга кўра, барча аёллар ҳижоб ўрашлари ва омма олдида ўз қиёфасини яширадиган кенг кийим кийишлари шарт.
Расмий равишда Гашт-е Эршад номи билан танилган вице-полицияга, жумладан, аёлнинг ташқи кўриниши расмийларнинг "тўғри" кийиниш ҳақидаги талқинига мос келишини таъминлаш вазифаси юкланган. Унинг зобитлари аёлларни тўхтатиб, уларнинг сочлари ҳаддан ташқари кўпми, шими ва устки кийимлари жуда қисқа ёки торми ҳамда улар жуда кўп атир-упа ишлатадими, деб баҳолашга ҳақли. Қоидаларни бузганлик учун жарима, қамоқ ёки калтаклаш жазолари мавжуд.
2014 йилда эронлик аёллар “Менинг махфий эркинлигим” номли онлайн норозилик акцияси доирасида ҳижоб қонунларини бузувчи фотосуратлар ва видеоларни омма олдида баҳам кўра бошладилар. Ўшандан бери у бошқа ҳаракатларни, жумладан, "Оқ чоршанба" ва "Инқилоб қизлари кўчалари"ни илҳомлантирган.
“Euronews”нинг ёзишича, Маҳса Аминининг ўлимига қарши олти кундан бери давом этаётган намойишларда етти нафар намойишчи ва тўрт нафар полициячи ҳалок бўлган.
Намойишлар истисносиз мамлакатнинг барча йирик шаҳар ва вилоятларини қамраб олди. Уларнинг иштирокчилари диктатура, полиция шафқатсизлиги ва аёллар ҳуқуқларининг поймол этилишига қарши норозилик сифатида ҳижобларни ечиб, ёқиб юборишяпти. Бошқа мамлакатлардаги диаспора вакиллари Эронда бўлаётган воқеаларни диққат билан кузатиб бормоқда. Нью-Йоркдаги БМТ штаб-квартираси олдида ўнлаб одамлар йиғилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь