Канада ҳам Маҳса Амини ўлими ортидан Эронга санкциялар қўлламоқда
Олам
−
26 Сентябрь 2022
9153Канада расмийлари сентябрь ойи ўрталарида ҳибсга олинганидан кейин вафот этган эронлик Маҳса Аминининг вафоти муносабати билан бир неча ўнлаб Эрон расмийлари, бизнес вакиллари, шунингдек, Эрон ахлоқ полициясига қарши санкциялар жорий қилади. Бу ҳақда Канада Бош вазири Жастин Трюдо бугун, 26 сентябрь куни журналистларга маълум қилди.
“Бугун мен ўнлаб шахслар ва ташкилотларга, жумладан, Эрондаги ахлоқ полициясига қарши санкциялар қўллашимизни эълон қиламан”, дейди у чекловларга дучор бўлган фуқаролар ва ташкилотларнинг аниқ сонини айтмасдан.
Трюдо буни рўмолни нотўғри тақиб юргани учун 16 сентябрь куни ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинган 22 ёшли Маҳса Аминининг ўлими билан изоҳлади. Унинг сўзларига кўра, Эрон ҳукумати “инсон ҳуқуқларини поймол қилади ва ўз фуқароларини ҳимоя қилмайди”. Ҳукумат раҳбарининг қўшимча қилишича, Оттава Эронда инсон ҳуқуқлари бузилиши давом этса, унга қарши санкциялар қўллашда давом этишга тайёр.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 сентябрь куни Эронда ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Амини вафот этди. Унинг вафотидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланди.
Намойиш сифатида бутун мамлакат бўйлаб аёллар ҳижобни ёқиб, сочларини кесмоқда. Ушбу норозилик дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам акс-садо бермоқда.Намойишчилар кўчаларни тўсиб, хавфсизлик кучларига тош отди, полиция машиналари ва ахлат қутиларига ўт қўйди, ҳукуматга қарши шиорлар айтишди.
Амини ўтган ҳафта пойтахтда Эрон ахлоқ полицияси томонидан аёлларнинг сочларини ҳижоб ёки рўмол, қўл ва оёқларини кенг кийим билан ўрашни талаб қилувчи қонунни бузганликда айбланиб ҳибсга олинган эди.
Қўлга олинганидан уч кун ўтгач, Амини вафот этди. Расмийларга кўра, ўлимга "юрак етишмовчилиги" сабаб бўлган. Аммо марҳумнинг қариндошлари қизнинг юрагида ҳеч қачон муаммо бўлмаганини даъво қилмоқда. Улар жабрланувчини калтаклаш оқибатида вафот этган, деб тахмин қилмоқда.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада Ал-Нашиф Амини полиция томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарларга ишора қилди.
Америка Қўшма Штатлари ўтган ҳафта ҳибсга олингандан кейин вафот этган эронлик Маҳса Амини ўлими сабабли Эроннинг ахлоқ полициясига қарши санкциялар киритди.
LiveБарчаси