Эрон Германия томонга “тош” отди
Олам
−
28 Февраль
8196Германия инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш баҳонасида бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашади. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Носир Канани маълум қилди.
“Германия расмийлари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш баҳонасида ва уларни сиёсийлаштириш орқали бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмоқда”, дейилган Эрон Ташқи ишлар вазирлигининг Telegram каналида эълон қилинган баёнотида.
Канани БМТ Инсон Ҳуқуқлари Кенгашида Германиянинг Эронга қарши айбловларини Германиянинг [Фаластиндаги] ишғолни қўллаб-қувватлаётганини ва Фаластиндаги инсон ҳуқуқлари ва инсонпарварлик қонунларининг қўпол равишда бузилишига бефарқлигини яширишга бўлган бефойда уриниш деб атаган. Эрон дипломати баъзи Ғарб ҳукуматлари Исроилни қўллаб-қувватлаб, Ғазо секторида геноцид ўтказаётган ҳолда, ўзларини инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси деб даъво қилишларини “аччиқ истеҳзо” деб ҳисоблайди.
“Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳилдаги ҳалокатли шароитлар, шунингдек, Рафаҳ ҳудудидаги Фаластин аҳолиси ва кўчирилганларнинг хавотирли аҳволи жанжал учун сабаб ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг етарли эмаслигининг аниқ далилидир. Шунга кўра, агар Германия ва унинг иттифоқчилари ҳақиқатан ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга интилса, сионистик режим томонидан 70 фоиздан ортиғи аёллар ва болалар бўлган 30 минг ҳимоясиз инсоннинг ваҳшийларча ўлдирилиши фактларини аниқлаш бўйича махсус миссия тузинг ва шу тариқа бутун дунёга интилишларингиз самимийлигини намойиш этинг”, дейди Канани.
26 февраль куни Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 55-сессиясидаги чиқишида Эрондаги норозилик намойишлари чоғида инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини текшириш учун Германия ташаббуси билан тузилган халқаро миссия ваколатини узайтиришга чақирди. Миссия ваколати 2024 йил мартида тугайди. Бербокнинг айтишича, орган Эронда намойишлар бошланганидан бери содир этилган репрессия, зўравонлик ва жиноятларга оид далиллар тўплайди.
2022 йил 24 ноябрда БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши Эрондаги норозилик намойишлари чоғида инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини текшириш бўйича халқаро миссия ташкил этиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. АҚШ, Германия ва бошқа Ғарб давлатлари томонидан фаол илгари сурилган ушбу ҳужжат Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 47 аъзосидан 25 таси томонидан маъқулланди. Арманистон, Венесуэла, Хитой, Куба, Покистон ва Эритрея қарши овоз берди. Бразилия, Ҳиндистон, Индонезия, Қозоғистон, Қатар, Намибия, БАА, Судан ва Ўзбекистон каби 16 давлат бетараф қолган.
Эрондаги тартибсизликлар
Эрондаги тартибсизликлар 2022 йилнинг 16 сентябрида 22 ёшли Маҳса Аминининг дафн маросимидан кейин бошланган. Расмий версияга кўра, полиция Аминини рўмолни нотўғри ўрагани учун ҳибсга олган. Сўроқ пайтида унинг юрак хуружига учрагани ва вафот этгани айтилди. Бироқ ижтимоий тармоқларда Амини полиция томонидан калтаклангани ҳақида маълумот тарқалди. 7 октябрь куни Эрон суд-тиббий экспертизаси ташкилоти қизнинг ўлимига оид расмий ҳисоботни эълон қилди, унда унинг жароҳати йўқлиги таъкидланган.