Эрон АҚШ ва Буюк Британиянинг Яманга тажовузини қоралади
Олам
−
12:53
925Эрон Ташқи ишлар вазирлиги сўзловчиси Исмоил Багай кеча, 9 январь куни Яманнинг Сана, Ходейда ва Амран вилоятларидаги инфратузилмаларга АҚШ ва Буюк Британиянинг янги ҳужумларини кескин қоралади. Бу ҳақда ИРНА хабар берди.
Унинг таъкидлашича, бу жиноий ҳаракатлар қаҳрамон Яман халқининг Фаластиннинг мазлум халқини қўллаб-қувватлаш ва бирдамликдаги қатъиятига путур етказа олмайди.
“АҚШ ва Буюк Британиянинг Яман инфратузилмаларига қарши такрорий тажовузлари жиноятчи сионистик режимни қўллаб-қувватлаш мақсадида ва сохта режим томонидан мазлум фаластинликларга қарши давом этаётган геноцидга мувофиқ амалга оширилмоқда”, дея қўшимча қилди у.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби бу ҳужумларни халқаро ҳуқуқ ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми тамойилларини қўпол равишда бузиш ва Халқаро жиноят судининг Рим статутига кўра “тажовуз жинояти”нинг яққол намунаси деб атади.
Багай БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ғазода давом этаётган геноцид ва АҚШ, Буюк Британия ҳамда сионистик режимнинг Яманнинг ҳаётий инфратузилмаларига қарши ҳарбий тажовузлари билан боғлиқ ҳаракатсизлигини кескин қоралади ва халқаро ҳамжамиятни, хусусан, исломий ва диний ташкилотларни жиддий чоралар кўришга чақирди.
Яманнинг маҳаллий манбалари кеча, 9 январь куни эрталаб ОАВга агрессив АҚШ-Буюк Британия коалицияси Исроил режимини қўллаб-қувватлаш мақсадида Яманни янгидан бомбардимон қилганини айтди.
Яманнинг “Al-Masirah” телеканали эрта тонгда Америка ва Британия босқинчи жанговар самолётлари Ходейда, Амрон ва Сана вилоятларидаги ҳудудларни бомбардимон қилгани ҳақида хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг октябрь ойи бошида Қўшма Штатлар ва Британия Ямандаги ҳусийлар назорати остидаги Сана ва Ходейда шаҳарларига бир қатор ҳаво ҳужумларини бошлаганди. Коалиция кучлари Санадаги бир нечта нишонларга ҳужум қилиб, Қизил денгизда жойлашган Ходейданинг ғарбий қисмидаги Ал-Кутиб ҳудудига камида тўртта зарба берган.
LiveБарчаси