Эрон Россияга уруш учун дронлар етказиб берди – WP

Олам

image

Эрон Россияга Украинага қарши урушда ишлатиши учун учувчисиз учиш аппаратларининг биринчи партиясини жўнатди. Бу ҳақда кеча, 29 август, куни Американинг The Washington Post (WP) нашри хабар берди.

Гап камида икки турдаги жанговар дронлар, хусусан, радар тизимлари, артиллерия иншоотлари ва бошқа ҳарбий объектларни ўққа тутиш учун мўлжалланган Mohajer-6 ва Shahed дронлари ҳақида бормоқда. WP маълумотига кўра, Россия транспорт самолётлари 19 август куни тегишли юк билан Эрондан ҳавога кўтарилган.

Нашрнинг АҚШ разведкасига яқин бўлган суҳбатдошларига таяниб ёзишича, Россия қабул қилинган учувчисиз учоқларни ишлатишда кўплаб қийинчиликларга дуч келган.

Аноним қолишни истаган Америка разведка хизматлари вакилларининг сўзларига кўра, биринчи синовлардан сўнг россиялик ҳарбийлар Эроннинг баъзи дронлари яроқсиз бўлгани учун “норози” бўлган. Шу билан бирга, Қўшма Штатлар Москва Теҳрондан юзлаб шундай учувчисиз учоқларни сотиб олмоқчи, деб ҳисоблайди.

Аввалроқ, 16 июль куни CNN Россия ҳукумати делегацияси Москва Теҳрондан сотиб олмоқчи бўлган дронларни текшириш учун икки марта Эроннинг Кошан аэродромига ташриф буюргани ҳақида хабар берган эди. Бундан сал олдин АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан “Эрон ҳукумати Россияга тезлаштирилган асосда бир неча юзтагача дрон, жумладан, қурол олиб юришга қодир учувчисиз аппаратлар беришга тайёрланаётганини” айтган эди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

47

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг