Эрон Озарбайжон дипломатларини персона нон грата деб эълон қилди
Олам
−
05 Май 2023
7380Эрон Озарбайжоннинг Теҳрондаги элчихонаси ва Табриздаги Бош консуллигининг тўрт нафар ходимини персона нон грата, деб эълон қилди. Бу ҳақда Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Айхан Ҳожизода хабар берди.
“Маълумки, жорий йилнинг апрель ойи бошида Эроннинг мамлакатимиздаги элчихонасининг тўрт нафар ходими дипломатик мақомга тўғри келмайдиган ва 1961 йилдаги Дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена конвенциясига зид бўлган фаолияти туфайли Озарбайжон ҳукумати томонидан персона нон грата деб эълон қилинган эди”, дейди Ҳожизода.
Унинг сўзларига кўра, ўз навбатида Эрон томони Озарбайжоннинг бу қадамидан бир неча кун ўтиб, ҳеч қандай сабабсиз, фақат ўзаро муносабатлар тамойилига ишора қилиб, январь ойида эвакуация қилинган элчихонанинг икки ходими ва Эрондаги Бош консулликнинг икки ходимини персона нон грата сифатида эълон қилган.
“Мамлакатимизга қарши қилинган бу қадам икки томонлама муносабатларга путур етказади, бунда қатор муаммолар мавжуд”, деган Ҳожизода.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 январь куни Озарбайжоннинг Теҳрондаги элчихонасига қуролли ҳужум уюштирилгани, оқибатда дипломатик миссиянинг хавфсизлик бўлими бошлиғи ҳалок бўлгани ва унинг икки ҳамкасби яраланганини икки мамлакат орасидаги муносабатларни совуқлаштирганди. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев қуролли ҳужумни қоралаб, уни теракт деб атаган ва зудлик билан тергов қилинишини, айбдорларнинг жазоланишини талаб қилди. 29 январь куни эса мамлакатнинг Теҳрондаги элчихонаси ходимлари ва уларнинг оила аъзолари – жами 53 киши Бакуга эвакуация қилинди. Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ҳалаф Ҳалафов журналистларга элчихона дипломатик фаолиятини тўлиқ тўхтатганини, бироқ Табриздаги бош консуллик нормал фаолият юритишда давом этишини айтди. Яқинда Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамовнинг Исроилга боргани ортидан муносабатлар янада кескинлашди. Эрон ТИВ матбуот котиби Носир Канани Озарбайжонни Исроил билан Эронга қарши ҳаракат қилишга келишганликда айблади. Шундан сўнг Баку Кананининг “ҳақиқатдан йироқ” баёнотларини қатъий қоралаб, унинг чиқишлари Озарбайжон-Эрон муносабатларини инқирозга олиб бориш йўлидаги навбатдаги қадам эканини таъкидлади. Кейинчалик Эроннинг Бакудаги элчиси Сайид Аббос Мусавий Эрон матбуотида Озарбайжонга қарши материаллар чоп этилгани муносабати билан Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди. 6 апрель куни эса Эроннинг Бакудаги элчихонасининг тўрт нафар ходими персона нон грата, деб эълон қилинди.
LiveБарчаси