Озарбайжон Эронни унга қарши таҳдид ва провокацияларда айблади 

Олам

image

Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айхан Ҳожизода Эронни Бакуга қарши тобора кўпроқ таҳдид ва провокациялар қилаётганликда айблади. Бу ҳақда кеча, 31 март куни Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган баёнотда сўз борди.

“Сўнгги пайтларда Эрон томонидан мамлакатимизга нисбатан кўпроқ таҳдидлар эшитилмоқда, Озарбайжонга қарши провокациялар қилинмоқда. Эрон томонининг Озарбайжон билан чегарасида ўтказаётган машғулотлари, Озарбайжонга қарши болаларнинг иштирокида видеолавҳалар олиши ва тарқатиши, мамлакатимизнинг Теҳрондаги элчихонасига ҳужум ҳам ана шундай провокациялар сирасига киради”, дейди Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили. 

Озарбайжон ТИВ  вакилининг айтишича, Баку Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Носир Кананининг баёнотларини қатъий қоралайди. Ҳожизода Эрон ТИВ матбуот котибининг чиқишлари Озарбайжон-Эрон муносабатларини инқирозга олиб бориш йўлидаги навбатдаги қадам эканини таъкидлаган.

Айтиб ўтиш жоиз, кеча, 31 март куни эрталаб Носир Канани Бакудан Исроил билан Эронга қарши ҳамкорликни тушунтиришни талаб қилган. У мазкур ҳамкорлик Исроил Озарбайжон ҳудудида Эронга қарши тайёрлаётган фитна эканини айтган.

Ҳожизода ўз баёнотида бунга ҳам жавоб берган.

“Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Носир Кананига 31 март куни Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамовнинг Исроил давлатига ташрифи чоғида ўтказилган матбуот брифингида айтган гапларини диққат билан тинглашни тавсия қиламиз. Жайҳун Байрамов Исроил Ташқи ишлар вазири билан ўтказган матбуот брифингида Эронга қарши ҳеч қандай позиция билдирмади. Шу муносабат билан биз Эрон Ташқи ишлар вазирлигининг ушбу баёнотини Озарбайжонга қарши навбатдаги қадам деб биламиз. Озарбайжон ўз ҳудудидан учинчи давлатларга қарши фойдаланишга ҳеч қачон рухсат бермаслигини билдирамиз. Аксинча, охирги пайтларда Эрон ҳудудидан Озарбайжонга қарши таҳдидлар айтилиб, провокациялар уюштирилмоқда”, дейилган Озарбайжон ТИВ баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 январь куни Озарбайжон ТИВ мамлакатнинг Теҳрондаги элчихонасига қуролли ҳужум уюштирилгани, оқибатда дипломатик миссиянинг хавфсизлик бўлими бошлиғи ҳалок бўлгани ва унинг икки ҳамкасби яраланганини маълум килганди. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев қуролли ҳужумни қоралаб, уни теракт деб атаган ва зудлик билан тергов қилинишини, айбдорларнинг жазоланишини талаб қилганди. 29 январь куни эса мамлакатнинг Теҳрондаги элчихонаси ходимлари ва уларнинг оила аъзолари – жами 53 киши Бакуга эвакуация қилинганди. Ташқи ишлар вазири ўринбосари Халаф Халафов журналистларга элчихона дипломатик фаолиятини тўлиқ тўхтатганини, бироқ Табриздаги бош консуллик нормал фаолият юритишда давом этишини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Озарбайжон Баку Исроил Теҳрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг