Баку яна Эрондан норози бўлди
Олам
−
03 Апрель 2023
4533Эроннинг Бакудаги элчиси Сайид Аббос Мусавий Эрон матбуотида Озарбайжонга қарши материаллар чоп этилгани муносабати билан Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Бу ҳақда бугун, 3 апрель куни Озарбайжон ТИВ матбуот котиби Ойхон Ҳожизода маълум қилди.
Унинг айтишича, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги 3 апрель куни Эроннинг Бакудаги элчихонасидан нота олган ва бу ҳолатга элчини чақиртириш билан муносабат билдирган. Элчихона юборган ҳужжатда Озарбайжон оммавий ахборот воситаларида Эронга қарши қаратилган материалларни чоп этишни тўхтатиш чақириғи бўлган.
Ҳожизоданинг сўзларига кўра, учрашув чоғида Сайид Аббос Мусавийга Эрон томони нотасида қайд этилган нарса объектив воқеликни акс эттирмаслиги маълум қилинган. Шундан сўнг унга жавоб нотаси ва Эрон матбуотида Озарбайжонга қарши қаратилган мақолалар рўйхати топширилган.
Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилига кўра, элчига Эрон оммавий ахборот воситаларида Озарбайжон, унинг расмийлари ҳақида туҳмат, ёлғон ва нохолис материаллар, шунингдек, Эроннинг таниқли жамоат ва сиёсий арбобларининг ҳақиқатдан йироқ бўлган баёнот ва чиқишлари икки давлат ўртасидаги муносабатларга путур етказиши ва тушунмовчиликларни кучайтириши ҳақида тушунтириш берилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ҳам Озарбайжон Эронни Бакуга қарши тобора кўпроқ таҳдид ва провокациялар қилаётганликда айблаган эди. Ўшанда Баку Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Носир Кананининг баёнотларини қатъий қоралаган, унинг чиқишлари Озарбайжон-Эрон муносабатларини инқирозга олиб бориш йўлидаги навбатдаги қадам эканини таъкидлаган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь