Баку эронлик дипломатларни персона нон грата деб эълон қилди
Олам
−
06 Апрель 2023
4323Эроннинг Озарбайжондаги элчихонасининг тўрт нафар ходими персона нон грата деб эълон қилинди. Бу ҳақда Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди
Вазирлик баёнотига кўра, бугун, 6 апрель куни Эроннинг Бакудаги элчиси Сайид Аббос Мусавий Озарбайжон ТИВга чақирилган. Учрашувда элчига Эроннинг Озарбайжонга қарши провокацион ҳаракатларидан кескин норозилик билдирилган.
Сайид Аббос Мусавийга Эрон элчихонасининг тўрт нафар ходими Озарбайжон ҳукумати томонидан дипломатик мақомга тўғри келмайдиган ва 1961 йилдаги Дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена конвенциясига зид бўлган фаолияти учун персона нон грата (номақбул шахслар) деб эълон қилингани маълум қилинди. Бу шахсларга 48 соат ичида Озарбайжон ҳудудини тарк этишлари буюрилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 январь куни Озарбайжоннинг Теҳрондаги элчихонасига қуролли ҳужум уюштирилгани, оқибатда дипломатик миссиянинг хавфсизлик бўлими бошлиғи ҳалок бўлгани ва унинг икки ҳамкасби яраланганини икки мамлакат орасидаги муносабатларни совуқлаштирганди. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев қуролли ҳужумни қоралаб, уни теракт деб атаган ва зудлик билан тергов қилинишини, айбдорларнинг жазоланишини талаб қилганди. 29 январь куни эса мамлакатнинг Теҳрондаги элчихонаси ходимлари ва уларнинг оила аъзолари – жами 53 киши Бакуга эвакуация қилинди. Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ҳалаф Ҳалафов журналистларга элчихона дипломатик фаолиятини тўлиқ тўхтатганини, бироқ Табриздаги бош консуллик нормал фаолият юритишда давом этишини айтди. Яқинда Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамовнинг Исроилга боргани ортидан муносабатлар янада кескинлашди. Эрон ТИВ матбуот котиби Носир Канани Озарбайжонни Исроил билан Эронга қарши ҳаракат қилишга келишганликда айблади. Шундан сўнг Баку Кананининг “ҳақиқатдан йироқ” баёнотларини қатъий қоралаб, унинг чиқишлари Озарбайжон-Эрон муносабатларини инқирозга олиб бориш йўлидаги навбатдаги қадам эканини таъкидлади. Кейинчалик Эроннинг Бакудаги элчиси Сайид Аббос Мусавий Эрон матбуотида Озарбайжонга қарши материаллар чоп этилгани муносабати билан Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди.
LiveБарчаси