Эрдўған Путинга уч томонлама музокара ўтказишни таклиф қилди

Олам 4783
image
-

Россия юкларнинг денгиз орқали транзитига ва Украина портларидан буғдойни хавфсиз олиб кетишга ёрдам беришга тайёр. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан телефон орқали мулоқот чоғида айтиб ўтди, деб хабар берган Кремль.

“Украинадаги вазиятни муҳокама қилишда асосий эътибор Қора ва Азов денгизларида хавфсизликни таъминлаш, уларнинг сувларида мина хавфини бартараф этиш масалаларига қаратилди”, дейилади хабарда.

Путин, шунингдек, агар санкциялар бекор қилинса, Россия “катта ҳажмдаги ўғитлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини” экспорт қилиши мумкинлигини тасдиқлаган. РФ Президенти жаҳон озиқ-овқат бозоридаги муаммоларни “Ғарб давлатларининг узоқни кўрмай олиб борган молиявий ва иқтисодий сиёсати” билан боғлаган.

Ўз навбатида, Эрдўған Путинга Россия, Украина ва БМТ делегациялари учрашувини ўтказиш таклифини билдирган. У музокара майдони сифатида Истанбулни таклиф қилган. Туркия раҳбари Россия ва Украина ўртасида имкон қадар тезроқ тинчлики ўрнатиш кераклигини қўшимча қилган.

Туркия Президенти билан Суриядаги вазият ҳақида ҳам гап очган. Унинг сўзларига кўра, PKK/YPG террор ташкилоти томонидан Туркия ва Сурия тинч аҳолисига қарши ҳужумлар давом этмоқда.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 13
Рейтинг: 3.1
t
×