Эрдўған Путинга муаммони бирга ечишни таклиф қилди
Олам
−
28 Октябрь 2020
11134Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россия раҳбари Владимир Путин билан суҳбатда Тоғли Қорабоғ муаммосини биргаликда ҳал қилишни таклиф қилганини айтди. Бу ҳақда у бугун, 28 октябрь куни парламентдаги нутқи пайтида маълум қилган.
"Биз Путин билан яхши музокаралар олиб бордик. Биз Қорабоғ масаласини батафсил муҳокама қилдик. Биз “келинг, ҳаммасини Кавказда тугатайлик. Агар хоҳласангиз, биргаликда қадам ташлаймиз, томонлар билан суҳбатлашамиз. Аммо энди муаммони ҳал қилишимиз ёки қилмаслигимиз тўғрисида аниқ қарор қабул қилишимиз муҳим”, деб айтдик”, дейди Эрдўған.
Туркия раҳбари фақатгина фундаментал қарор қабул қилингандан кейингина, "аниқ қадамлар қўйилиши" мумкинлигини урғулаган. Путин билан телефон орқали суҳбат 27 октябрь куни кечқурун бўлиб ўтган.
Туркия раҳбари Минск гуруҳи "муаммони ҳал қилмади, балки фақат вақт ўтказди", деб ҳисоблайди. Эрдўған Путинга "Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан учрашув ўтказишни" таклиф қилди ва у ўзи ҳам Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан суҳбатлашишга тайёрлигини билдирган.
"Келинглар, яхши иш қилайлик, делегациялар учрашсин. Ишонаманки, биз натижаларга эришамиз", деган Эрдўған ва Анқара можарода Бакуни тўлиқ қўллаб-қувватлаётганини эслатиб.
Эслатиб ўтамиз, 26 октябрь куни Озарбайжон ва Арманистон АҚШ воситачилигида ўртасида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш учун учинчи бор сулҳ тузди. Аммо сулҳнинг умри аввалги иккитасидан кўпроқ бўлмади. Орадан бир неча соат ўтиб, томонлар ўт очишни тўхтатиш режими бузилганини айтиб чиқди.
Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари жорий йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди.
Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.
Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.
Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди. Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.
Озарбайжон ва Арманистон ўртасида кескинлик авж олгандан кейин Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров икки мамлакат Ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, уларни музокаралар столига қайтишга чақирган эди. Президент Владимир Путин эса Никол Пашинян билан мулоқот қилиб, масалани тинч йўл билан ҳал этишни тавсия қилди. Бу орада Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев асосий куч ва дастакни Туркия Республикасидан олаётгани маълум бўлди. Шу куни Туркия ва Озарбайжон Президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар ва Эрдўған турк халқи ва давлати Озарбайжонни бор имконияти билан қўллаб-қувватлашини эслатди.
Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ можароли зонасидаги вазият кўп жиҳатдан Россияга боғлиқ. Россия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси, шунингдек Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Минск гуруҳининг ҳамраиси. 1 октябрь куни гуруҳ ҳамраислари – АҚШ, Россия ва Франция Тоғли Қорабоғ масаласида қўшма баёнот эълон қилдилар.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь