Эрдўған Истанбулдаги рус-украин музокараларидан кейинги миссиясини айтди
Олам
−
29 Март 2022
8099Туркия Россия Федерацияси ва Украина делегацияларининг Истанбулдаги учрашуви музокара жараёнига фойда келтиришини кутмоқда ва икки давлат Президентлари Владимир Путин ва Владимир Зеленский ўртасида учрашув ташкил этишга тайёр. Бу ҳақда бугун, 29 март куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ўзининг “Долмабаҳче” саройида делегациялар иштирокчиларига мурожаатида айтиб ўтди.
“Туркияга ва бизнинг Истанбулга хуш келибсиз. Сизни шундай муҳим паллада қабул қилишдан мамнунмиз, сиз мамлакатларингиз номидан катта саъй-ҳаракатлар қилдингиз. [Украинадаги] можаро бизни сизнинг дўстингиз ва қўшнингиз сифатида жуда хафа қилади. Инқироз бошланганидан бери биз барча даражадаги самимий саъй-ҳаракатларни амалга ошириб, дўстлик, яхши қўшничилик ва қонунлар талабларини бажаришга ҳаракат қилдик. Биз ўз сўзимиз бўлган барча платформаларда ҳар икки томоннинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ва ҳурмат қиладиган адолатли ёндашувни намойиш этдик”, деди Туркия раҳбари.
Эрдўған Истанбулдаги учрашувда натижа бўлса, Россия ва Украина ўртасидаги музокаралар кейинги босқичга чиқиши мумкинлигига умид билдирди.
“Музокараларда эришадиган муваффақиятингиз кейинги босқичга - етакчилар даражасидаги мулоқотга ўтишга ҳам имкон беради. Биз ҳам шундай учрашув ўтказишга тайёрмиз”, деб умид қилмоқда Туркия Президенти.
Эрдўған ўз мамлакатининг Россия ва Украина ўртасидаги музокара жараёнига ҳисса қўшишга тайёрлигини маълум қилди.
“Ўз минтақасида кўп азоб-уқубатларни кўрган давлат сифатида Қора денгиз шимолида ҳам худди шундай вазият юзага келмаслиги учун ҳаракат қилдик ва курашдик. Биз адолатли дунёда мағлублар бўлмаслигига ишонамиз, томонлар бу фожиани тўхтатиши керак. Ўт очишни тўхтатиш режими тезроқ ўрнатилишидан ҳамма манфаатдор. Биз музокаралардан аниқ натижалар олишимиз керак бўлган даврга кирдик, деб ҳисоблаймиз. Дунё сиздан яхши хабар кутмоқда”, деди Туркия раҳбари.
Маълумот ўрнида, Истанбулдаги Долмабаҳче саройида бўлиб ўтадиган Россия-Украина музокаралари матбуотга ёпиқ ҳолда икки кун давом этади. Бу Беларусда музокаралар ўтказилган 7 мартдан бери томонларнинг биринчи юзма-юз учрашувидир. Шундан сўнг делегациялар доимий равишда видеоалоқа орқали мулоқот қилиб келган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси