Эрдўған барча воқеаларни мухолифатнинг бўйнига қўйди
Олам
−
24 Март
6664Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси (ЖХП) ва унинг раиси Ўзғур Ўзел сўнгги кунларда Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши ортидан Туркияда давом этаётган зўравонлик тўлқини учун тўлиқ жавобгар эканини айтди. Бу ҳақда у бугун, 24 март куни Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидан кейин баёнот берди.
“5 кундан бери давом этаётган провокациянинг масъули Ўзғур Ўзел. Агар мард бўлсангиз, коррупциянинг ҳисобини беринг”, деган давлат раҳбари.
Шунингдек, у ушбу намойишларда 123 нафар полициячи жабрлангани ҳақида маълумот берган.
“Биз бош мухолиф партия етакчисининг кўчаларга чиқиш ҳақидаги чақириғидан кейин содир бўлган ва тезда зўравонлик ҳаракатларига айланган воқеаларни хавотир билан кузатдик. Маргинал ташкилотлар ва шаҳар бандитларининг ҳужумлари туфайли шу кунларда 123 нафар полициячимиз жабрланди. Афсуски, мухолиф партия раҳбарияти, жумладан, унинг раиси онгсизликнинг ёрқин намунасини кўрсатди. Одамларнинг кўчага чиқишига сабабчи бўлган партия етакчиси ва унинг тарафдорлари полициячиларнинг жароҳатлари, витриналари синган дўкон эгаларининг зарари, шунингдек, миллиардлаб лиралик давлат мулкига етказилган зарар учун тўлиқ жавобгардир. Буларнинг барчаси парламентда кўриб чиқилади ва бу ҳақдаги ҳуқуқий ҳисоботлар судга тақдим этилади”, деган Эрдўған.
Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши
19 март куни тонгда Истанбул ҳокими ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақиби Экрем Имомўғли ҳамда унинг 106 тарафдори ҳибсга олинганди. Улар Курд ҳарбий-сиёсий ташкилоти ПККга кўмаклашиш ҳамда бошқа ноқонуний ҳаракатларда айбланмоқда.
Мазкур воқеалар юзасидан Туркия Адлия вазири Йилмаз Тунч тегишли баёнотини эълон қилди. Унинг маълум қилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари доирасида 106 нафар гумонланувчига, жумладан, Истанбул шаҳар ҳокимига нисбатан бугун эрталаб ҳибсга олиш тўғрисида қарорлар чиқарилган. Билдирилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан 2 та тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Истанбул Бош прокуратурасининг баёнотидан маълум бўлишича, тергов материаллари орасида MASAK (Молиявий жиноятларни тергов қилиш бошқармаси) ҳисоботлари, солиқ экспертизаси хулосалари, депозитлар ҳақида ҳисоботлар, гувоҳларнинг баёнотлари ва бошқа далиллар мавжуд.
Туркия Президенти девони Коммуникациялар бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун эса Экрем Имомўғли ҳибсга олингани ортидан давлат раҳбарига нисбатан туҳмат ва бўҳтонлар айтилаётганини билдирди. У суд органларининг мустақиллигига путур етказиш, шунингдек, Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга дахл қилиш, мафкуравий туҳмат ҳаракатларига қарши эканини маълум қилган.
Истанбул шаҳри талабалари Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши намойишга чиқди. Туркиянинг асосий мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси (ЖХП) етакчиси Ўзғур Ўзел 86 миллионлик республика аҳолисини келаси якшанба, 23 март куни Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши кўчаларга чиқишга чақирди. ЖХП аъзолари ўзларининг партиядошларининг ҳибсга олинишига норозилик сифатида минбарга тўпланиб, парламент Бош ассамблеяси ишини тўсиб қўйишди.
LiveБарчаси
Доллар курси яна тушди.
26 Март