Эрдўған уруш жиноятчиларининг ўрни БМТда эмас, суд залида эканлигини айтди (видео)

Олам

−

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған уруш жиноятларида айбланаётган шахслар БМТ минбарида эмас, суд залларида жавоб бериши кераклигини айтди. У бу ҳақда кеча, 26 сентябрь куни Истанбулда ўтказилган MÜSİAD EXPO савдо кўргазмасининг ёпилиш маросимида сўз очган.

 

Эрдўған халқаро тизим қонунийлик, вакиллик ва адолат борасида боши берк кўчага кириб қолганини таъкидлади. Унинг фикрича, Туркия жойлашган минтақада бир қатор инқирозлар кузатилмоқда.

Туркия Президенти Фаластин, хусусан, Ғазо секторидаги вазиятга ҳам тўхталиб, Анқара Фаластин халқини қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирди.

У геноцидда айбланаётган шахслар жавобгарликка тортилиши кераклигини айтди. Эрдўғаннинг таъкидлашича, бундай жиноятлар учун ҳуқуқий ва тарихий жавобгарлик таъминланмаса, шунга ўхшаш воқеалар яна такрорланиши мумкин.

“Уруш жиноятчиларининг жойи БМТ минбарида эмас, балки улар содир этган жиноятлар ва тўкилган қон учун жавоб берадиган суд залларидадир”, деди Эрдўған.

Шунингдек, у Туркия иқтисодиёти сўнгги 6 йил давомида узлуксиз ўсганини айтди. Эрдўғаннинг сўзларига кўра, мамлакат ҳозир дунёнингўн олтинчи энг йирик, Европанинг эса олтинчи энг йирик иқтисодиёти ҳисобланади.

Унинг қайд этишича, 2002 йилда Туркияда экспорт билан шуғулланувчи компаниялар сони 33 мингта бўлган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 168 мингтага етган.

Эрдўған, шунингдек, 20 кун аввал эълон қилинган янги Ўрта муддатли дастур доирасида барқарор ва мувозанатли иқтисодий ўсиш мақсадлари йўлида ишлар давом эттирилишини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрдўған БМТ Бош Ассамблеясининг 82-сессиясида Ғазодаги вазиятни “барчамиз учун виждон масаласи” деб атаб, Фаластин давлатини барпо этиш ва Ғазони қайта тиклаш зарурлигини билдирган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг