“Аллоҳнинг жазосидан қутула олмайдилар”. Эрдўған БМТ минбарида таъсирли нутқ сўзлади (видео)

Олам

image

Ўлдиришдан ҳеч қачон тўймайдиган “геноцид” ҳамма учун виждон масаласи бўлиши керак. Бу ҳақда кеча, 22 сентябрь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 81-Бош Ассамблеясидаги нутқи давомида гапирди.

“Кечирасиз, лекин бу Тойиб Эрдўғаннинг шахсий масаласи эмас. Бу – гуманитар масала. Бу – барчамиз учун виждон масаласи. Биз ўлдиришдан ҳеч қачон тўймайдиган геноцид тафаккурига дуч келяпмиз”, дейди Туркия Президенти. 

Унинг айтишича, 190 дан ортиқ мамлакат иродаси атиги бешта мамлакат инжиқлигига бўйсунадиган тизим адолатли тизим эмаслигини ва у тўлиқ ишонч уйғотишга ёки ўрнатишга қодир эмаслигини тан олиш керак. Хавфсизлик Кенгаши “дунё бештадан каттадир” тамойилига мувофиқ мутлақо ислоҳ қилиниши керак.

Эрдўған Ғазони тиклаш масаласини ҳам кўтарган. Қолаверса, у пойтахти Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлати барпо этилишига ишонишини билдирган.

“Биз бир йил аввал Шарм аш-Шайхда имзолаган келишувга содиқ қоламиз. Энди биз Ғазони қайта тиклашни имкон қадар тезроқ бошлашимиз керак. Шу муносабат билан мен сизларни Исроилга янада кўпроқ босим ўтказишга чақираман. Ҳамма қуйидагиларни тушунсин ва қабул қилсин: Фаластин давлатини бўғишга уринишлар муваффақиятсизликка учрайди. Иншааллоҳ, 1967 йилги чегараларга асосланган, ҳудудий яхлитликка эга ва пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлати барпо этиладиган ўша яхши кунларни кўрамиз”, дейди Туркия етакчиси.

У ўзи кўтарган масала “айрим тоифанинг” ғашига тегишини, ўзига қарши чоралар кўришларини, лекин нима бўлса ҳам мазлумлар тарафида туришини билдирган.

“Бугун бу ерда айтган ҳақиқатларим, албатта, баъзи одамларнинг ғашига тегади, уларнинг ҳузур-ҳаловатини бузади ва ёлғонларини фош қилади. Шунингдек, улар овозимизни ўчиришга уриниб, ҳар хил идрокни бошқариш операцияларига мурожаат қилишларини ҳам яхши биламан.

Марҳум шоир Сезаи Каракоч шундай деган эди: “Улар биз жим турсак, масала йўқ бўлиб кетади, деб ўйлашади. Аммо биз жим турсак ҳам, тарих жим турмайди. Тарих жим турса ҳам, ҳақиқат жим турмайди. Улар биздан қутулсалар, муаммо ҳал бўлади, деб ишонишади. Бироқ улар биздан қутулсалар ҳам, ўз виждонлари азобидан қутула олмайдилар. Виждонлари азобидан қутулсалар ҳам, тарих азобидан қутула олмайдилар. Тарих азобидан қутулсалар ҳам, Аллоҳнинг жазосидан қутула олмайдилар”.

Мен, Ражаб Тойиб Эрдўған, виждони, тарихи ва раҳм-шафқати йўл кўрсатган буюк миллатнинг Президенти сифатида, иншааллоҳ, Аллоҳ менга умр берар экан, шу минбардан туриб, мазлумларнинг, жабрдийдаларнинг ва овозсизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давом этаман. Уларнинг овози бўлишда, уларнинг номидан гапиришда ва улар учун курашишда давом этаман. Агар керак бўлса, қийинчиликка чидаймиз, агар керак бўлса, бадалини тўлаймиз, лекин адолатсизлик қаршисида жим турмаймиз ва зулмга ҳеч қачон рози бўлмаймиз”, дейди Эрдўған.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ражаб Тойиб Эрдўған БМТ минбарида Ғазо бугун нафақат дунёдаги энг катта қабристон, балки дунёда ампутация кўрсаткичи энг юқори бўлган минтақа ҳисобланишини, шунингдек, Ғазо – ҳозирги даврнинг энг инсонийликка зид, энг уятли қирғини эканини айтган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг