Энтони Тейлор ҳакамлик фаолиятини якунлади

Спорт

image

FIFA сертификатига эга инглиз ҳаками Энтони Тейлор 47 ёшида ҳакамлик фаолиятини якунлашга қарор қилди. Бу ҳақда “The Athletic” нашри хабар берди.

Унинг фаолиятидаги сўнгги учрашув 2026 йилги Жаҳон чемпионати 1/8 финалида Испания ва Португалия терма жамоалари ўртасидаги баҳс бўлди. Мазкур учрашувда бўлажак чемпион Испания 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди.

“Энг юқори даражада ҳакамлик қилиш мен учун улкан шараф бўлди. Бироқ бу касб доимий босим ва қаттиқ эътибор остида яшашни талаб қилади. Энди бир қадам ортга чекиниб, ҳаётимнинг янги босқичини бошлаш вақти келди”, дейди Тейлор “The Athletic” нашрига берган интервьюсида.

Шунингдек, у ёрдамчилари, ҳакамлар корпусидаги ҳамкасблари ва футбол оиласидаги барча инсонларга кўрсатган қўллаб-қувватлови учун миннатдорлик билдирган. Тейлор оиласи ва яқинларига ҳам алоҳида раҳмат айтиб, “ҳакамлик фаолияти улардан катта фидойилик ва сабр-тоқат талаб қилганини” таъкидлаган.

Маълумот учун, Энтони Тейлор Англия Премьер-лигасида 16 мавсум давомида фаолият юритди. У 2022 ва 2026 йилги Жаҳон чемпионатлари, шунингдек, 2020 ва 2024 йилги Европа чемпионати учрашувларида ҳакамлик қилди.

Шу билан бирга, у 2024 йилги “Боруссия Дортмунд” – “Реал Мадрид” ўртасидаги Чемпионлар лигаси финали, 2017 ва 2020 йилги Англия кубоги финаллари, 2015 йилги Лига кубоги финалида бош ҳакам сифатида ишлаган.

Маълумот учун, фаолияти давомида Тейлор жами 831 та расмий учрашувни бошқарган.

Эслатиб ўтамиз, Энтони Тейлор Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги Колумбияга қарши тарихий илк учрашувини бошқарганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг