Энди хорижликлар учун Айя Софияга кириш пуллик бўлади
Олам
−
13 Январь
4766Жорий йилнинг 15 январидан чет эллик сайёҳлар учун Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Айя София масжидига кириш пуллик бўлади. Бу ҳақда Туркия Маданият ва туризм вазирлиги хабар берди.
Вазирликнинг баёнотига кўра, Айя София масжидида Маданият ва туризм вазири Меҳмет Эрсой ташаббуси билан бошланган реставрация ва консервация ишлари доирасида ташриф буюрувчилар учун тайёрланган 3-галереядаги Аҳмет фаввораси қаршисида жойлашган чипта кассаси иш бошлайди. Шунингдек, чет эллик сайёҳларга Айя Софияни зиёрат қилишлари учун масжидга алоҳида кириш жойи ажратилиб, экскурсия йўналиши бўйлаб хавфсизлик камералари, ёнғинни аниқловчи қурилма ва фавқулодда хабар бериш тизимлари ўрнатилди.
Маълумотларга кўра, Айя Софияни зиёрат қилмоқчи бўлган хорижлик сайёҳлар 25 евро (қарийб 341 минг сўм) тўлайди.
Эслатиб ўтамиз, вазирлик бу қарорга 2023 йилнинг октябрь ойида келган эди. 2020 йилнинг июль ойида Туркия Давлат кенгаши Истанбулдаги Айя Софияни музейга айлантириш тўғрисидаги 1934 йилда қабул қилинган Мустафо Камол Отатурк фармойишини бекор қилди. Шундан сўнг, ушбу мажмуадан масжид сифатида фойдаланилиши маълум бўлди.
Айя София масжидга айлантирилишидан олдин унга кириш пуллик эди. Туркия Президенти объектнинг мақоми музейдан масжидга ўзгартирилса, ҳар йили 3 миллиондан ортиқ киши ташриф буюрадиган бу мажмуага кириш ҳамма учун бепул бўлишини ваъда қилганди.
Маълумот ўрнида, ушбу ибодатхона Византия императори Константин II тарафидан милодий 360 йилда бунёд этилган. У ёғочдан қурилган бўлгани учун 404 йилга келиб ёниб кетган. Ўша йили ибодатхона биринчи бор таъмирланган. Масжиднинг ҳозирги биноси эса Византия императори Юстиниан биринчининг буйруғига кўра, 532-537 йилларда барпо этилган. Унинг қурилиши 5 йил-у 10 ой давом этган. Унда 10 мингдан ортиқ қурувчи меҳнат қилган.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15