“Энди фаол уруш бўлмайди”. Арестович Россия ҳужуми қачон тугашини айтди

Олам 19240
image
-

Икки-уч ҳафта ичида рус ҳарбийлари Донбассга ҳужумни тугатади ва бунинг шарофати билан урушнинг фаол босқичи тугаши мумкин. Бунинг сабаби, рус армиясининг ҳужум қилиш учун ҳеч нарсаси йўқ. Бу ҳақда Украина Президенти идораси раҳбари маслаҳатчиси Алексей Арестович маълум қилди. 

Президент идораси раҳбари маслаҳатчисининг сўзларига кўра, Россия армияси сўнгги тезкор захиралар билан курашишни бошлаган. 

“Икки, кўпи билан уч ҳафта ўтгач, фаол фаза сусаяди. 9 майга келиб улар қандайдир оралиқ ғалабаларни эълон қилади, вазифа бажарилганини айтишади ва музокарага киришишни таклиф қилишади. Қолаверса, улар Донбасс халқини ҳимоя қилганликлари ҳақида баланд овозда бақиришни бошлайди, бизни 72 соат ичида денацифицикация қиламиз, деган сўзларини унутиб қўйишади. Шу ерда савол туғилади: музокараларга борамизми ёки йўқми. Чунки халқ биздан жанг қилишни, уларни йўқ қилишни ва еримиздан қувиб чиқаришни талаб қилмоқда”, дейди Арестович. 

Президент идораси раҳбари маслаҳатчисига кўра, Украинанинг музокаралардаги позицияси анча қаттиқ ва Россия бунга рози бўлмаслиги мумкин. Бироқ, агар Россия Федерацияси бунга йўл қўйса, бу позицион уруш бўлади. 

“Россия вақти-вақти билан қандайдир ярим ҳужумга ўтиш учун кўпроқ захира тўплашга ҳаракат қилади. Август ойининг охирига келиб улар бошқа жойга ҳужум қилишга уриниши мумкин. Бу шарқдаги операцияга ўхшайди ва миқёси бўйича ундан ҳам кичикроқ”, дея қўшимча қилган Арестович. 

Унга кўра, агар ёзда ҳужум муваффақиятсизликка учраса, Россия Федерацияси октябрь ойида кўпроқ куч тўплашга ва янги ҳужумни бошлашга ҳаракат қилади. Бироқ, ҳаммаси санкциялар қандай ишлашига, янгилари жорий этилишига ва Ғарб ёрдами Украинага қандай етказилишига боғлиқ. 

“Бу Янги йилгача давом этиши мумкин. Биз тушунишимиз керакки, бу энди фаол уруш бўлмайди. Асосан позицион уруш бўлиб, фронт чизиғи бўйлаб позицияларни эгаллашга уринишлар бўлади”, дейди Арестович.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 42
Рейтинг: 3
t
×