Энди 18 ёшли қизлар мажбурий ҳарбий хизматга боради. Данияда!

Олам

image

Дания ҳукумати аёллар учун мажбурий ҳарбий хизматни жорий этмоқда. Бу ҳақда жорий йилнинг 25 март куни мамлакат Мудофаа вазири Троэльс Лунд Поульсен маълум қилди.

Унга кўра, 18 ёшга тўлган даниялик аёллар 2025 йилнинг июль ойидан бошлаб ҳарбий хизматга чақирилиши мумкин.

“Мудофаа сиёсати ва хавфсизлик соҳасидаги ҳозирги вазиятни ҳисобга олган ҳолда Қуролли кучлар кўпроқ янги аскарларни жалб қилиши керак”, деган Мудофаа вазири.

Қолаверса, Дания Қуролли кучлари штабининг амалдаги бошлиғи Майкл Хилдгард ҳам ушбу чора мудофаа учун зарурлигини таъкидлаган.

“Дания Қуролли кучлари биз сафарбар қила оладиган барча жанговар кучларга муҳтож. Бунинг учун бутун жамиятдан одамларни жалб қилишимиз керак. Аёлларнинг даъвати билан биз энг қобилиятли ва ғайратли даниялик ёшларни жалб қилиш имкониятимизни кенгайтирмоқдамиз. Жинсига боғлиқ эмас. Хилма-хиллик вазифаларни ҳал қилишни кучайтиради ва кучлироқ мудофаа яратади”, деган у ўз нутқларидан бирида.

Қайд этилишича, дастлаб даниялик аёллар 2027 йилдан бошлаб ҳарбий хизматга чақирилиши режалаштирилган эди. Худди шу қарорда мажбурий ҳарбий хизмат муддати тўрт ойдан ўн бир ойга узайтирилган. Айни пайтда аёллар Дания Қуролли кучларида фақат кўнгилли асосда хизмат қилмоқда.

“Данияда мажбурий ҳарбий хизматга чақирув фақат етарли миқдордаги кўнгиллилар тўпланган тақдирдагина амалга оширилади. Кимлар чақирилиши ҳар йили ўтказиладиган лотерея орқали аниқланади”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дания ҳукумати ва парламенти Украинага тинчликпарвар кучлар жўнатиш бўйича келишувга эришгани ҳақида хабар берилганди.  


Мақола муаллифи

Теглар

ҳарбий хизмат Дания

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг