Дания ҳам Украинага қўшин юборишни маъқуллади
Олам
−
10 Март
3484Дания ҳукумати ва парламенти Украинага тинчликпарвар кучлар жўнатиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазири Ларс Лёкке Расмуссен ва Бош вазир ўринбосари, Мудофаа вазири Троэльс Лунд Поульсен маълум қилди.
Уларнинг айтишича, ҳукумат ташаббуси парламентдаги кенг кўламли партиялар томонидан қўллаб-қувватланган.
“Биз Европада тўғри сигналларни юборишимиз керак – Россия Президенти Владимир Путин ҳам, Вашингтон ҳам буни англаши лозим. Бугун биз айнан шуни қилмоқдамиз – агар ўт очишни тўхтатиш ёки тинчлик келишуви Европа иштирокини талаб қилса, Дания бунга тайёр”, деди Расмуссен.
Поульсен эса ҳозирча аниқ мажбуриятлар ҳақида гапиришга эрта эканини, бу келгуси вазиятларга боғлиқ бўлишини таъкидлаган. Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, тинчликпарвар кучлар НАТО доирасида эмас, балки айрим давлатлар ташаббуси билан ташкил этилади.
“Франция ва Британия ҳозирча эҳтиёжлар бўйича тушунча ҳосил қилиш учун ташаббусни қўлга олди”, деди Поульсен.
Маълумот учун, Европа мамлакатлари ўз қўшинларини Украинада жойлаштиришни режалаштирмоқда. Бу хавфсизлик кафолати сифатида қаралмоқда ва мазкур амалиёт уруш якунлангандан кейин, Россия билан тинчлик шартномаси имзолангач амалга оширилиши кутилмоқда. Франция Президенти Эммануэль Макрон ва Британия Бош вазири Кир Стармер бундай ташаббусга АҚШ кўмак берса, тайёр эканликларини билдирган. Стармер Украинага ҳарбий авиация ҳам жўнатмоқчи. Унинг айтишича, тинчликпарвар миссияга 18 та давлат қўшилишга тайёрлигини билдирган. Канада, Австралия, Туркия, Литва ва Латвия ҳам бу масалани муҳокама қилган.
Бироқ Германия, Италия, Испания ва Польша ўз қўшинларини Украинага жўнатиш режаларига қарши чиқмоқда. Полша Бош вазири Дональд Туск бу ҳақда очиқ баёнот берган, бироқ Киевга логистик, молиявий, гуманитар ва ҳарбий ёрдамни давом эттиришга ваъда берган. АҚШ Президенти Дональд Трамп ташаббусни қўллаб-қувватлаган, аммо фақат Европа мамлакатлари ўз хавфсизлиги учун ўзлари жавоб бериши кераклиги ҳақида гапириб, Америка аскарлари бу миссияда иштирок этмаслигини таъкидлаган.
Айни пайтда Европа Украинада 30 минггача тинчликпарвар ҳарбий жойлаштириш имкониятини муҳокама қилмоқда. “The Washington Post” маълумотларига кўра, бу қўшинлар тўқнашув чизиғи бўйлаб жойлаштирилмайди, лекин Россия ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлаган тақдирда аралашишга тайёр туради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Австралия Бош вазири Энтони Альбанезе Австралия Буюк Британия, Франция, Канада ва бошқа давлатларга қўшилиб, Россия билан тинчлик келишувидан сўнг Украинага тинчликпарвар кучлари юбориши мумкинлигини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, мамлакат ҳукумати аввалги позициясини ўзгартириб, эндиликда кўп миллатли тинчликпарвар кучлар таркибида Украинага қўшин юбориш бўйича ҳар қандай таклифни кўриб чиқишга тайёр бўлган.
LiveБарчаси