“Эҳтимол уларни қўлловчи ”катталар“ бор”. Кушербоев Қуйи Чирчиқда дарахтлар ёқиб, йўқ қилинаётганини айтди

Жамият

image

Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ тумани, Сурум маҳалласи ҳудудидаги дарахтзорлар ёқиб, йўқ қилинмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Экология ва атроф муҳитни мухофаза қилиш давлат қўмитаси Жамоатчилик кенгаши аъзоси Расул Кушербоев маълум қилди.

Депутатга кўра, Ўрмон хўжалигига қарашли бўлган ушбу ер майдони 2019 йили туман ҳокимлиги захирасига олинган.

“Шундан сўнг ноқонуний равишда дарахтлар турли йўллар билан ёқилиб, сунъий яроқсиз ҳолга келтирилган. Сўнг майдондан шағал олиниб, пулланмоқда. Зўр усул.

Тахминимизча дарахткушлар томонидан шу кунга қадар икки юзга яқин қимматбахо дарахтлар йўқ қилинган.

Ачинарлиси бу ишлар айнан "мораторий" даврида содир этилишига қарамай масъул ташкилотлар вазиятни жим кузатиб турибди. Катта эҳтимол билан дарахткушлар ортида уларни қўлловчи "катталар" бор...”, дейди Кушербоев.

У Президентнинг қонун устувор жазо муқаррар, деган даъватидан келиб чиқиб, масъул идоралар, шу жумладан экология прокуратурасидан масалани тезкор ўрганиб, чора кўришини сўраган.

Мораторий ўрнатилганига қарамай, дарахтларни нобуд қилиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда.

Аввалроқ, Андижон вилоятининг Асака туманида 10 га яқин кўп йиллик дарахт кесиб ташлангани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур ҳолат оқибатида табиатга 18 млн 360 минг сўм миқдорида зарар етказилган.

Шунингдек, жорий йилнинг 15 январь куни Андижон вилояти перинатал марказида 12 та дарахт кесиб ташланган эди. Бундай топшириқ шахсан вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов томонидан берилгани айтилганди. Аммо прокуратура Андижон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Ғ.Ш.га нисбатан жиноят иши очди.

Бундан ташқари, Қарши давлат университетида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан рад жавоби берилганлигига қарамасдан жами 38 туп дарахт ноқонуний кесилган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 30 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинганди. Фармон билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

дарахт

Баҳолаганлар

58

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг