Битта дарахт кесган фуқаро 17 млн сўмдан ортиқ жаримага тортилди
3-саҳифа
−
21 Август
2311Тошкент шаҳрининг Сергели 7-мавзесида дарахт кесган фуқаро жаримага тортилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, “Мададкор” МФЙда фуқаро Й.У. томонидан 1 та дарахт кесилиб, ўсишдан тўхташ даражасида шикаст етказилгани маълум бўлган. Оқибатда табиатга 8 миллион 840 минг сўм зарар етказилган.
Ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси (Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Й.У.га базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари – 8 миллион 500 минг сўм жарима белгиланди. Ҳуқуқбузар жами 17 миллион 340 минг сўм товон тўлайдиган бўлди.
Шунингдек, унга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 464-сон қарорига асосан кесилган дарахт учун компенсация тарзида 100 туп кўчат экиш мажбурияти юклатилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 21 туп қайрағочни кесганлар 2 йилга қамалганди.