Андижондаги “дарахт қирғини” бўйича жиноят иши очилди
Жамият
−
18 Январь 2022
4044Аввалроқ, Андижон вилояти перинатал маркази ҳудудида 12 туп дарахт ноқонуний равишда кесилгани ҳақидаги хабар берган эдик. Бош прокуратура мазкур ҳолат бўйича ўрганиш ўтказиб, хулосаларини эълон қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги “Республика кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан дарахт кесишга мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилганига қарамай, Андижон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Ғ.Ш. томонидан вилоят перинатал маркази ҳудудидаги “Элдор қарағайи” (Pinus eldarica) навли 12 туп дарахтлар қонунга хилоф равишда кесиб юборилганлиги оқибатида табиатга 115,5 млн. сўм миқдорида зарар етказилган.
Ўтказилган текшириш натижасига кўра, Андижон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Ғ.Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шу ўринда қайд этиш керакки, перинатал марказдаги дарахтлар шахсан вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг буйруғи билан кесилгани айтилганди. Афтидан, прокуратура бунга исбот топмаган.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Андижон шаҳар Перинатал маркази ҳудудида 12 туп “элдор қарағайи” дарахти Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунининг 37-моддаси 2-банди, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 2-банди талаблари бузилганини маълум қилганди.
LiveБарчаси