Андижонда 12 туп дарахт “қатл қилинди”
Жамият
−
16 Январь 2022
4941Кеча, 15 январь куни ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти перинатал марказида 12 та дарахт кесиб ташлангани ҳақида хабар тарқалди. Бундай топшириқ шахсан вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов томонидан берилгани ҳам қўшимча қилинди.
Андижон вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати мазкур хабарларга расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ҳозирги кунда вилоят перинатал марказида кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
“Қурилиш лойихасига кўра, хозирги кунда ҳудудда 180 дан ортиқ манзарали дарахт ва кўчатлар экиш ишлари амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари хеч ким дарахтларни кесиб ташлаш тўғрисидаги буйруғини бермаганлигини маълум қиламиз”, дейилади изоҳда.
Расмий муносабатдан аён бўлишича, юқорида келтирилган ҳолат вилоят ҳокимлиги томонидан алохида назоратга олинган эмиш. Ҳудудда конун бузилиш ҳолатлари аниқланган такдирда айбдорларга қонуний жазо чоралари кўрилар экан.
Қизиғи, ҳокимлик дастлаб дарахтлар кесилганини тан олмади. Марказдаги дарахтларнинг шохлари кесилганини айтиб чиқди. Аммо кейин муносабат матни ўзгартириб қўйилди. Бунга балки Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ўрганиш бошлагани сабаб бўлгандир. Аммо расмий муносабатда ёлғон ахборот тарқатганлик учун Матбуот котибига ҳам чора кўриладими ёки йўқ, буниси номаълум. Негаки, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб борувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳозирча жим.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг ҳолат бўйича берган маълумотига кўра, Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан Андижон шаҳри Перинатал марказида соғлом дарахтларнинг кесилгани юзасидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда Ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари томонидан тезкор ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Дастлабки суриштирув натижаларига мувофиқ, мазкур ҳудуддаги дарахтларни кесишга қонунчиликда белгиланган тартибда экология органи хулосаси ва рухсатнома берилмаган. Мазкур қурилиш объекти Давлат инвестиция дастурига киритилган бўлиб, ташкилот раҳбарияти томонидан унинг ҳудудидаги дарахтларни кесишга рухсатнома олиш учун Давлат хизматлари марказига мурожаат қилинган.
“Ушбу мурожаат натижасини кутмасдан қонунга зид равишда ўзбошимчалик билан бугун тунда ушбу мудҳиш ҳуқуқбузарлик ҳолати содир этилган.
Ҳозирда суриштирув ишлари давом этмоқда. Мазкур қонунбузарлик ҳолати натижалари бўйича қўшимча ахборот бериб борилади”, дея маълум қилган қўмита.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан мамлакатда дарахт кесиш учун мораторий муддатсиз даврга узайтирилганди.
LiveБарчаси