Узумдан арча, қовундан тоғ. Душанбедаги саммитдан фоторепортаж
Олам
−
15 Сентябрь 2023
15261Кеча, 14 сентябрь оқшомида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон бешинчи Маслаҳат учрашуви иштирокчилари бўлган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари учун “Дўстлик оқшоми” ташкил қилди. Бу ҳақда “Ховар” нашри хабар берди.
“Дўстлик оқшоми”да Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев иштирок этди.
Президентлар ҳукумат дачасида кечки сайрга чиққан ва “жаннатмонанд замин”нинг табиий бойликлари кўргазмасини томоша қилган. Кўргазмада мева-сабзавот, қуритилган мевалар, асал ва бошқа табиий неъматлар намойиш этилган.
Алоҳида йўлакларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳар бир тури турли шакл, услуб ва дизайнда тақдим этилган.
Шунингдек, етакчилар “Кўҳи Борбад” саройида минтақа мамлакатларининг санъат усталари иштирокидаги концерт дастурини ҳам томоша қилган.
Тадбирлар дастури “ЭКСПО Марказий Осиё 2023” кўргазмаси билан давом этган. У ерда Президентларга минтақада ишлаб чиқарилаётган асосий турдаги маҳсулотлар намойиш этилган.
Кўргазмадан Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон маҳсулотлари ҳам жой олган. Экспозициянинг умумий майдони 1800 квадрат метрдан ортиқ.
Танишув якунида давлат раҳбарлари мутасаддиларга ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва саноат кооперациясини кенгайтириш юзасидан аниқ топшириқлар берди.
Бироқ Қирғизистон Президенти Садир Жапаров мазкур тадбирларда кўриниш бермади. Маълумотларга кўра, у аллақачон Бишкекка қайтиб кетган.
Марказий Осиёнинг қолган етакчилари эса Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарларининг кенгаши йиғилишида иштирок этиш учун Душанбеда қолган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 14 сентябрь куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтаган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашувида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Норин дарёси ва Сирдарёнинг сув-энергетика ресурсларидан фойдаланиш бўйича таклифни илгари сурганди. Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов эса унинг мамлакати Марказий Осиё давлатларига ёки улар орқали бошқа мамлакатларга газ ва электр энергияси етказиб беришга тайёр эканини айтган эди. Саммитга раислик қилаётган Имомали Раҳмон эса Тожикистон қулай транзит зонага айланишни режалаштираётганини билдирганди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев эса 6 та таклифни илгари сурди.