Жапаров Сирдарё ва Норин дарёсидан энергетика мақсадида фойдаланишни таклиф қилди
Олам
−
14 Сентябрь 2023
7149Бугун, 14 сентябрь куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашувида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Норин дарёси ва Сирдарёнинг сув-энергетика ресурсларидан фойдаланиш бўйича таклифни илгари сурди. Бу ҳақда АКИpress хабар берди.
Маълумки, 1998 йилда Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида Норин дарёси ва Сирдарёнинг сув-энергетика ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги битим имзоланган. Мазкур келишувда сув ва энергия ресурсларининг мувозанатли алмашинувини таъминлаш назарда тутилган.
Жапаров шу битим доирасида ҳамкорликни такомиллаштириш ва қайта тиклаш бўйича ишларни бошлашни таклиф қилган.
“Биз сув-энергетика масалалари бўйича очиқ, конструктив, ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёрмиз. Бишкек шаҳрида бутун минтақамизда сув-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлайдиган Марказий Осиё минтақасида энергия тежамкор ва ресурс тежовчи технологияларини жорий этиш бўйича минтақавий марказ ташкил этишни таклиф қиламан”, деган Қирғизистон раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда мамлакатда сув сиёсатига ёндашув ўзгармоқда. Эндиликда унинг моҳияти сув ресурсларини, гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини муҳофаза қилишни, дарёларнинг юқори оқимидаги экологик ҳолат ҳақида тўлиқ маълумот ҳосил қилиш, шунингдек, ягона экологик тизимни сақлаш ва Қирғизистон Республикасининг барқарор ривожланишининг иқтисодий механизмини яратишни англатади.
Шунингдек, у Марказий Осиё минтақасида яшовчи барча аҳоли ҳаётини таъминлашнинг зарур шарти сифатида сувга бўлган муносабатни бутунлай ўзгартириш зарурлигини қайд этган.
Жапаровнинг фикрича, Марказий Осиёда сув-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш учун сув ресурсларига сармоя жалб этиш бўйича кескин ва аниқ чора-тадбирлар кўриш зарур.
“Марказий Осиёда сувдан фойдаланиш масалалари бўйича минтақавий ташкилотларнинг фаолияти юқори ва қуйи оқимдаги барча мамлакатларнинг манфаатлари ва эҳтиёжларига жавоб бериши лозим. Акс ҳолда, бу ташкилотларни ислоҳ қилиш керак”, деган Жапаров.
Унинг сўзларига кўра, ҳар йили сув камайиши ва талаб ортиб бориши маълум бўлди.
“Қирғизистон оғир табиий иқлим шароитига, сувнинг камлиги туфайли мамлакатнинг гидрохўжалик ва гидротехника иншоотларига етказилган зарарга қарамай, давлатлараро шартномалар бўйича ўз мажбуриятларини масъулият билан бажарди ва бажаришда давом этмоқда”, дея қўшимча қилган Президент.
Маълумот учун, жорий йилнинг 14-15 сентябрь кунлари Душанбе шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтмоқда. Шу кунларда Орол денгизи ҳавзасида экологик инқирозни бартараф этиш ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш мақсадида 1993 йилда ташкил этилган IFAS Кенгашининг мажлисини ўтказиш ҳам режалаштирилган. Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари, бундан ташқари фахрий меҳмон сифатида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳам иштирок этмоқда. Аввалги учрашувлар, 2018 йилда Қозоғистоннинг Остона шаҳрида, 2019 йилда Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳрида, 2021 йилда Туркманистоннинг Аваза шаҳрида ва 2022 йилда Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов унинг мамлакати Марказий Осиё давлатларига ёки улар орқали бошқа мамлакатларга газ ва электр энергияси етказиб беришга тайёр эканини айтган эди. Саммитга раислик қилаётган Имомали Раҳмон эса Тожикистон қулай транзит зонага айланишни режалаштираётганини билдирганди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев эса 6 та таклифни илгари сурди.