Қорли қишлоқдан Президент ҳузуригача. Жапаров 10 яшар ўқувчига ўзининг Iphone'ини совға қилди (видео)
Олам
−
14:16 2692 3 дақиқа
Қирғизистоннинг чекка бир қишлоғидан бўлган 4-синф ўқувчисининг ҳикояси мамлакат Президенти Садир Жапаровнинг эътиборига тушди ва у болакайга ўзининг телефонини совға қилди.
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Ош вилоятининг Кара-Кулжа тумани Коо-Чати қишлоғидан бўлган Нурзамон Алмазбековнинг қор кечиб мактабга бораётгани акс этган видео тарқалди. Қирғизистон Президенти маъмурияти ахборот сиёсати хизмати раҳбари Дайирбек Орунбековнинг маълум қилишича, давлат раҳбари ҳам бу видеони кўрган.
“Садир Нургожович ушбу видеони ўзи кўрди ва қийин шароитларга қарамай билим олиш истагини намоён этган боланинг саъй-ҳаракатларидан жуда мамнун бўлди. Президентимиз шундай матонатли ва иқтидорли болалар алоҳида қўллаб-қувватлашга лойиқ деб қайд этди ва уни Президент арчасига таклиф қилиш топшириғини берди. Шунингдек, давлат раҳбари номидан мактаб ўқувчисига совға тайёрланмоқда”, деди у.
Нурзамон Алмазбеков бошланғич мактабнинг 4-синф ўқувчиси. У оиладаги олти нафар фарзанднинг тўртинчиси. Унинг отаси Алмаз 39 ёшда, онаси Жумагул 38 ёшда, иккаласи ҳам уй-рўзғор ишлари билан шуғулланади. Нурзамон математика ва қирғиз адабиётини чуқур ўрганади, яхши чизади ва футбол билан шуғулланади.

10 ёшли Нурзамоннинг айтишича, видео 11 декабрда олинган. Ушбу кунда қишлоққа кучли қор ёғган, баъзи жойларда унинг баландлиги бир метрдан ошган. Қийин об-ҳаво шароитларига қарамай, у дарсларни ўтказиб юбормаслик учун мактабга пиёда борган. Нурзамон президент арчасига таклиф қилинганини эшитиб жуда хурсанд бўлганини айтди.

“Менинг исмим Нурзамон, мен 10 ёшдаман ва 4-синфда ўқийман. Президентдан совға оламан деб эшитганимда жуда хурсанд бўлдим. Мен яхши ўқишга ҳаракат қиламан, адабиёт ўқишни, математика ўрганишни ёқтираман, жисмоний тарбияни ҳам яхши кўраман. Шу кунда мактабга бордим, чунки янги мавзуларни ўтказиб юбормаслигим керак деб ўйладим. Ҳеч қачон дарсларни қолдирмайман”, деди у.

Ўқувчининг онаси Жумагул Исманова эса эрталаб болаларни уйда қолдиришга уриниб кўрганини айтди, лекин фарзандлари рози бўлмаган.
“Меннинг олти болам бор – икки ўғил ва тўрт қиз. Эрталаб қор бир метрдан ошганини кўрдик. Болаларга мактабга бормасликни айтдим, лекин улар рози бўлмади. Икки қиз эртароқ чиқди, энг катта болам шу куни касал бўлиб боролмади. Видеони ижтимоий тармоқларда кўрдик – тез тарқалди. Албатта, хавотирландим, лекин ўғлим президент арчасига таклиф қилинганини эшитганимизда бутун оила учун катта хурсандчилик бўлди”, деди Нурзамоннинг онаси.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеони педагог Мээримгул Калбай кизи суратга олган. У дастлаб видеони эълон қилишни режалаштирмаган.
“Видеони WhatsApp’да статус сифатида жойлаштирдим, фақат ота-оналарга кўрсатиш учун. Кўрган одамлар уни юборишни сўрай бошлади. Бир неча соат ичида ролик ижтимоий тармоқларда тарқалди. Бутун мактаб оиласи билан Нурзамон учун жуда хурсанд бўлдик. У президент арчасига боради деганини эшитганда, ўқувчимиз учун фахр туйдик. У яхши ўқийди, жуда масъулиятли. Унинг опасини ҳам ўзим ўқитганман – у ҳам интизомли ўқувчи эди. Бу оила кўп фарзандли ва намунавий оилалардан бири”, деди педагог.
Нурзамон келажакда актёр ёки футболчи бўлишни орзу қилади, аммо унинг асосий мақсади – яхши ўқиш ва университетга кириш.

Кеча, 17 декабрь куни Президент Садир Жапаров мактаб ўқувчиси Нурзамон Алмазбековни қабул қилди. Президент Нурзамонга ўзи ёзган китобни, имзоси қўйилган футбол топини, ноутбук ва ўзининг Iphone 16 телефонини совға қилди.

Давлат раҳбари айтиб ўтдики, бу бола унинг ўзи болаликда мактабга бориш учун қорни енгиб ўтганини эслатган. Учрашув якунида Президент Садир Жапаров Нурзамонга катта муваффақиятлар тилаган.
Live
Барчаси