Жапаров ва Раҳмонни Токиода ўзбек аслли мансабдор кутиб олди (видео)
Олам
−
16:57 7838 3 дақиқа
Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон бугун, 18 декабрь куни Япония Бош вазири Санаэ Такаичининг таклифига биноан “Марказий Осиё – Япония” мулоқотининг биринчи саммитида иштирок этиш учун Японияга етиб борди. Бу ҳақда Президентларнинг матбуот хизматлари хабар берди.

Давлат раҳбарларининг самолётлари Токио шаҳридаги “Ханэда” халқаро аэропортига қўнди. Аэропортда Марказий Осиё мамлакатларининг давлат байроқлари илиб қўйилган, қизил гилам ёзилган эди.
Президентлар Садир Жапаров ва Имомали Раҳмонни ўзбек аслли Япония Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Эри Арфия ҳамда бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Ташриф доирасида Президентларнинг Япония олий раҳбарияти билан икки томонлама учрашувлари режалаштирилган.
Шунингдек, саммит доирасида Марказий Осиё мамлакатлари ва Япония ўртасида бизнес-форум ўтказилиши кўзда тутилган.
Маълумот учун, Эри Арфия 1988 йил 16 октябрда Фукуока префектурасининг Китакюсю шаҳрида туғилган. Унинг отаси уйғур ва онаси ўзбек миллатига мансуб. У Япония Либерал-демократик партияси вакиласи ҳисобланади. Эри Арфия Жоржтаундаги Дипломатик хизмат мактабини ва Вашингтондаги Олий дипломатик хизмат мактабини тамомлаган. Инглиз, хитой, ўзбек, турк ва уйғур тилларида эркин сўзлаша олади, араб тилини эса бошланғич даражада билади. Аввал Япония Марказий банкида ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотида фаолият юритган. 2023 йил апрель ойида у Тиба префектурасининг 5-округидан Япониянинг Вакиллар палатасига қўшимча сайловларда депутат этиб сайланган. Эри Арфия биринчи марта 2024 йилнинг 13 ноябрь куни Ташқи ишлар вазирининг парламент ўринбосари парламент ўринбосари этиб тайинланган, жорий йилнинг октябрь ойида эса янги ҳукумат таркибида лавозимига қайта тасдиқланган.
Шу кунларда Токиода “Марказий Осиё – Япония” мулоқоти давлат раҳбарларининг биринчи саммити бўлиб ўтади. Тадбир доирасида “яшил иқтисодиёт” ва барқарор тараққиёт, ўзаро боғлиқлик ва минтақавий шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда инсон ресурсларини ривожлантириш каби устувор соҳаларда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинади. Саммит якунлари бўйича Токио декларациясини қабул қилиш режалаштирилган.
Саммит дастлаб 2024 йил август ойида Қозоғистонда ўтказилиши режалаштирилган, аммо Японияда Тинч океани соҳилида мега зилзила хавфи юзага келиши муносабати билан фавқулодда тайёргарликлар сабаб бекор қилинган эди.

Япония ушбу саммит орқали Марказий Осиё билан дипломатик ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашни мақсад қилган. Саммитда минтақавий хавфсизлик, савдо ва инвестиция имкониятлари бўйича музокаралар ўтказилиши кутилмоқда. Япон расмийлари ушбу тадбирни глобал давлатларнинг минтақага таъсирини мувозанатлаш имконияти сифатида кўрмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев кеча, 17 декабрь куни расмий ташриф билан Японияга етиб борганди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев эса бугун, 18 декабрь куни Японияга жўнаб кетди.
Live
Барчаси