Мирзиёев Душанбедаги саммитда олтита таклифни илгари сурди

Олам

image

Бугун, 14 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон пойтахти Душанбеда бўлиб ўтаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этди ва олтита таклифни илгари сурди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

“Бугунги кунда бизнинг барча мамлакатларимиз дунёда кузатилаётган геосиёсий рақобат ва зиддиятларнинг оқибатларини тўлиқ ҳис этмоқда... Шу муносабат билан ҳамкорлигимиз истиқболлари бўйича қатор таклифларни билдирмоқчиман”, дейди Ўзбекистон раҳбари.

Мирзиёевнинг биринчи таклифи савдо-иқтисодий ҳамкорликка бағишланади. Унинг айтишича, бу минтақавий шериклик ва интеграциянинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади.

“Биз ушбу йўналишда минтақа мамлакатлари билан амалий ҳамкорликни ривожлантириш учун Ўзбекистонда барча зарур шарт-шароитларни яратмоқдамиз. Товар айланмаси ҳажмини ошириш мақсадида истисно ва чекловларсиз тўлақонли эркин савдо зоналарини тезроқ шакллантириш лозим, деб ҳисоблаймиз”, дейди Президент.

Шу муносабат билан, Мирзиёев минтақада барқарор савдо-логистика занжирларини шакллантириш, чегараолди ҳудудларида савдо ва кооперация марказларини очиш ва кенгайтириш, ўзаро савдо бўйича қонунчиликни уйғунлаштириш ва бу борадаги тўсиқларни бартараф этиш, божхона маъмурчилиги, санитар ва фитосанитар назорати, товарларнинг қаердан олиб келинаётганини сертификатлаш бўйича ягона электрон платформалар яратиш, минтақавий электрон савдо майдонини ишга туширишни кўзда тутадиган комплекс минтақавий дастурни қабул қилишни таклиф этган.

“Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун ташқи савдо фаолияти бўйича масъул бўлган вазирларнинг доимий учрашувини ўтказиш механизмини ишга туширишни таклиф қиламиз”, деган Президент.

Иккинчи таклиф эса саноат кооперациясини ривожлантириш ҳақидадир. Мирзиёев бу соҳада муваффақиятли шериклик бўйича тажриба борлигига урғу берган. 

“Бу – енгил автомобиллар, маиший техника, тўқимачилик маҳсулотлари ва озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва шунингдек, Озарбайжон билан чегараолди ҳудудлари кооперациясидир”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Президенти биргаликдаги саъй-ҳаракатлар тизимли тус олиши учун Марказий Осиё мамлакатларининг узоқ истиқболга мўлжалланган саноат кооперациясини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишни таклиф этган.

Учинчи таклиф эса транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқликка бағишланади.

Айтилишича, асосий ташқи бозорлардан жуғрофий жиҳатдан узоқлигини ҳисобга олганда, минтақа мамлакатларида юкларни ташиш учун кетадиган харажатлар улуши товарларнинг сўнгги қийматига нисбатан 50 фоизгача етмоқда. Айни вақтда дунёдаги ўртача кўрсаткич 11 фоиздан ошмайди. Натижада мамлакатлар иқтисодиёти ривожланган давлатлардагидан кўра 2-3 марта кўп транспорт харажатини кўтаришга мажбур бўлмоқда.

“Мамлакатларнинг транспорт соҳасидаги салоҳиятини янада ошириш мақсадида тармоқ вазирлари учрашувлари доирасида Марказий Осиёда Транспорт ва транзит ҳақидаги битимни ишлаб чиқиш, бизнес учун қулай бўлган оралиқ тарифларни қўллаган ҳолда, Хитой, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатлари бозорларига чиқиш учун самарали транспорт коридорларини ривожлантириш бўйича аниқ механизмларни шакллантириш, Транспорт хизматлари бозорини либераллаштириш ва рухсат этишга доир тартиб-таомилларни оптималлаштириш чора-тадбирлари дастурини тайёрлаш, Халқаро ташувларнинг интеграциялашган рақамли платформасини яратиш имкониятлари мавжуд, деб ҳисоблаймиз”, деган Президент.

Шунингдек, Мирзиёев биргаликдаги фаолиятга озарбайжонлик шерикларини фаол жалб этишни таклиф қилган.

Тўртинчи таклифда Ўзбекистон етакчиси Энергетика соҳасида хавфсизликни таъминлашга эътибор қаратган.

Маълумки, минтақада энергетика инфратузилмаларини ривожлантириш суръатлари саноатлаштириш ва урбанизация жараёнлари, шунингдек, демографик ўсишдан орқада қолмоқда. Бугунги кунда бу мамлакатларнинг узоқ муддатли барқарор ривожланиши йўлидаги жиддий таҳдиддир.

Мирзиёев бундай шароитда тармоқ вазирликлари ва миллий компанияларимизнинг геология-қидирув ишларини олиб бориш ва истиқболли конларни ўзлаштириш, энергия ресурсларини сақлаш ва етказиб бериш бўйича мавжуд инфратузилмаларни кенгайтириш ва замонавий инфратузилмаларни яратиш соҳасидаги ҳамкорлигини янада кучайтириш тарафдори эканини билдирган.

Бундан ташқари, у электр энергиясини етказиб бериш учун янги магистрал тармоқларни барпо этиш ҳамкорликнинг муҳим йўналишига айланиши лозимлигини қайд этган.

“Бизнинг минтақамиз, шунингдек, гидроэнергетика соҳасини ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга. Биз Тожикистонда Зарафшон дарёсида ГЭС қуриш лойиҳасини биргаликда ишлаб чиқмоқдамиз, Қирғизистонда Қамбарота ГЭС-1 лойиҳасини амалга ошириш масаласини фаол ҳал этмоқдамиз”, деган Президент.

Шу билан бирга, Мирзиёев энергия манбаларини диверсификация қилмасдан, муқобил энергетика соҳасига инвестиция ва технологияларни жалб этмасдан ва “яшил” водородни ишлаб чиқаришни йўлга қўймасдан туриб, минтақани барқарор ривожлантириш мумкин эмас, деб ҳисоблашини таъкидлаган.

Бешинчи таклиф эса озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга бағишланган.

“Биз яқинда Самарқандда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти шафелигида дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатларидан келган вазир ва экспертлар иштирокида халқаро конференция ўтказдик. Бўлиб ўтган баҳс-мунозаралар давомида бизнинг минтақамиздаги заиф нуқталар яна бир бор қайд этиб ўтилди”, дея эслатган Мирзиёев.

Президент мазкур нуқталар аграр секторнинг илмий-технологик жиҳатдан етарлича ривожланмагани, сув ресурслари борасидаги ўткир тақчиллик, қўшимча қиймат яратишнинг узоқ ва самарасиз занжирлари, иқлим инқирози ва логистикадаги узилишлар олдидаги беқарорлик, соғлом овқатланиш масалалари эканини қайд этган.

“Бу соҳада саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти кўмагида минтақавий Шериклик дастурини тайёрлаш муҳим, деб ҳисоблаймиз. Таъкидлаб айтмоқчиманки, бизнинг мамлакатларимиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан нафақат минтақанинг ички бозоридаги мавжуд эҳтиёжларни тўлиқ қоплаш, балки уларни экспорт қилишдек муҳим имкониятга ҳам эгадир”, деган Ўзбекистон раҳбари.

Иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ таҳдидларга қарши курашиш минтақанинг барқарор ривожланишини таъминлашнинг энг муҳим омилига айланаётгани Президентнинг олтинчи таклифида қайд этилди.

“Келгуси йил баҳор фаслида Самарқандда Марказий Осиёдаги иқлим ўзгаришларига бағишланган халқаро форум ўтказмоқчимиз. Минтақа мамлакатлари делегацияларини ушбу анжуман ишида фаол иштирок этиш учун таклиф қиламан”, деган Шавкат Мирзиёев.

Унинг айтишича, форум якунлари бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик” деб номланган резолюцияси лойиҳаси тайёрланади.

“Шунингдек, Иқлим ўзгаришларига мослашиш масалалари бўйича минтақавий стратегияни қабул қилиш ҳам иқлим барқарорлигини ва “яшил” тараққиётни таъминлашга қўшилган амалий ҳисса бўлиши мумкин. Минтақанинг иқлимга оид ягона кун тартибини шакллантириш ва биргаликда таъсирчан чора-тадбирларни қабул қилиш учун биз экология вазирлари даражасида “Иқлим бўйича Марказий Осиё мулоқоти” кўп томонлама платформасини таъсис этишни таклиф қиламиз”, дейди Мирзиёев.

Маълумот учун, Душанбеда Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон раислигида ўтган саммитда Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, фахрий меҳмон сифатида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ҳамда БМТ Бош котибининг махсус вакили – Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ раҳбари Каха Имнадзе ҳам қатнашган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Тожикистон Душанбе Марказий Осиё

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made