Япония Қирғизистонда кўприк қуради
Олам
−
20 Декабрь 1387 3 дақиқа
Япония Бош вазир Санаэ Такаичи Қирғизистон билан “Транскаспий халқаро транспорт йўлаги”га уланган халқаро магистрал йўлда Норин дарёси устидаги кўприкни реконструкция қилиш ва қуриш, тиббий ускуналарни яхшилаш ва “Бир қишлоқ — бир маҳсулот” (OVOP) ҳаракати каби ҳамкорлик лойиҳаларидаги илгарилашни юқори баҳолади. Бу ҳақда у бугун, 20 декабрь куни Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан музокаралар давомида сўз очди.
Учрашувда сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш, ўзаро савдо ва инвестицияларни ошириш, барқарор ва “яшил” энергетика йўналишида ҳамкорликни ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек спорт ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Садир Жапаров “Марказий Осиё + Япония” Диалоги саммитига таклиф этилгани ва кўрсатилаётган самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди. Давлат раҳбари 2023 йилда Японияга амалга оширган илк расмий ташрифини илиқ хотиралар билан эслаб, ўша сафар чоғида томонлар янги даврда ҳар томонлама шериклик бошланганини биргаликда эълон қилганини қайд этди.
Япония Бош вазири табиий хавф-хатарлар бўйича эрта огоҳлантириш тизимлари йўналишида ҳам ҳамкорлик қилиш имкониятларини тилга олди. Учрашув чоғида Президент Садир Жапаров Япония Бош вазирини Қирғизистонга расмий ташриф билан келишга таклиф қилди.
Икки томонлама учрашув якунлари бўйича қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:
- Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Япония Бош вазири Санаэ Такаичи ўртасидаги учрашув якунлари бўйича Қирғиз Республикаси ва Япония ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган Қўшма баёнот;
- Қирғиз Республикаси ва Япония ўртасида даромад солиғи бўйича икки ёқлама солиққа тортишни бартараф этиш ҳамда солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва қочишнинг олдини олиш тўғрисидаги Битим;
- Қирғиз Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Япония Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида 2026–2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
- Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Япония Ҳукумати ўртасида ноталар алмашинуви йўли билан тузилган “Қирғиз Республикасида электр тармоқларини эксплуатация қилиш ва хизмат кўрсатиш бўйича ўқув маркази салоҳиятини мустаҳкамлаш” лойиҳаси тўғрисидаги Битим ҳамда ушбу лойиҳа бўйича JICA билан грант келишуви;
- “Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастури (Қирғиз-япон инсон ресурсларини ривожлантириш маркази учун ахборот-коммуникация технологиялари ва илмий ускуналар харид қилиш)” лойиҳаси бўйича Битим ва JICA билан грант келишуви;
- “Қирғиз Республикасининг жанубий минтақасидаги реферал шифохоналарда тиббий ускуналарни яхшилаш” лойиҳаси бўйича Битим ва JICA билан грант келишуви;
- “Бишкек–Ош автомобиль йўлида Норин дарёси устидаги кўприкни реконструкция қилиш (қуриш)” лойиҳаси бўйича Битим ва JICA билан грант келишуви;
- “Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастури (жиҳозланган икки та сайёр тиббий контейнер/диагностика кабинетини тақдим этиш)” лойиҳаси бўйича Битим ва JICA билан грант келишуви;
- “Инсон ресурсларини ривожлантириш бўйича стипендия дастури (JDS дастури)” лойиҳаси бўйича Битим ва JICA билан грант келишуви.
Live
Барчаси