Вулқон отилиши натижасида Япония ҳудудига 50 гектар ер қўшилди

Олам

−

visibility3109 timer2 дақиқа

image

Япониянинг Иото (Иводзима) ороли яқинидаги сувости вулқони отилиши натижасида тахминан 50 гектар майдонга эга янги қуруқлик ҳосил бўлди. Бу орол ҳудудининг қарийб 1,7 фоизга кенгайганини англатади. Янги ер майдони сунъий йўлдошлар орқали ҳам қайд этилган. Bu haqda “Naked Science” xabar berdi.

Вулқон фаоллигининг дастлабки белгилари жорий йилнинг октябрь ойи охирида кузатилган. 27 октябрь куни сейсмик датчиклар ер остидаги силкинишлар кескин кучайганини қайд этган. Шундан сўнг, Япония Метеорология агентлиги вулқон отилиши акс этган дастлабки суратлар олинганини маълум қилган.

NASA’нинг Landsat 9 сунъий йўлдошига ўрнатилган OLI қурилмаси 26 октябрь куни ҳудудни суратга олганида соҳилда ҳеч қандай ўзгариш кузатилмаган. 11 ноябрь куни эса вулқон фаолияти натижасида пайдо бўлган янги қуруқликнинг аниқ тасвирлари олинган.

Ноябрь ойи ўртасида Япония соҳил қўриқлаш хизмати ҳам янги қуруқлик ҳосил бўлганини тасдиқлаган. У мавжуд соҳил билан туташган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, вулқон отилиши натижасида орол соҳили тахминан 50 гектарга кенгайган.

Маълумот учун, Иото ороли атрофида сўнгги йилларда ҳам вулқон фаоллиги кузатилган. 2023 йилда оролнинг жануби-шарқий соҳилида, 2025 йилнинг август ойида эса ғарбий соҳилида вулқон отилиши содир бўлган. Бироқ янги пайдо бўлган қуруқлик қанча вақт сақланиб қолиши ҳозирча номаълум. 2023 йилда вулқон отилиши натижасида ҳосил бўлган ер майдони бир неча ҳафта ичида тўлқинлар таъсирида емирилиб кетган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг