Дунё Қорақалпоғистондаги воқеалар ҳақида нима деяпти? Ким қай тарафда?

Таҳлил

image

Жорий йилнинг 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистонда содир бўлган оммавий тартибсизликлар дунё мамлакатлари, халқаро ташкилотлар эътиборини тортмай қолмади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг нотўғри талқин қилган бир қатор кимсалар ўз мақсадларини амалга ошириш учун одамларни митингга, Конституцион бошқарувга қарши чиқишга, қурол олиб, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига ўқталишга, давлат идораларини эгаллашга чақирди. Ўз ҳақ-ҳуқуқ ва мажбуриятларини билмаган одамлар уларга эргашди. Оқибатда эса 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. 

Айни вақтда дунё нигоҳи Ўзбекистонга қаратилган. Қорақалпоғистон воқеалари тилга тушди. Айрим давлатлар кўриб кўрмагандек, билиб билмагандек, панада томошабин бўлиб турган бўлса, айримлари аллақачон Ўзбекистон юритаётган сиёсатни ва Қорақалпоғистондаги ҳодисаларда олинган қарорларни олқишлаб чиқди. Хўш, ўтган 3 кунда Қорақалпоғистон ҳақида кимлар нималар деди? Қуйида уларни кўздан кечирамиз. 

Фейк хабарда ҳам, далдада ҳам Қозоғистон биринчи 

Қорақалпоғистондаги воқеалар бошланган ва авж олган вақтларда Қозоғистондаги оммавий ахборот воситалари фейк ва нохолис ахборотлар тарқатишда фаол бўлди. Шунга қарамай, Ўзбекистоннинг сиёсий иродасига ҳурмат кўрсатилган биринчи баёнот ҳам айнан Нур-Султондан чиқди. 

3 июль куни мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги баёнот эълон қилиб, Қозоғистон Ўзбекистон Республикасида содир бўлган сўнгги воқеаларни хавотир билан қабул қилганини айтди. Баёнот аввалида Ўзбекистон Қозоғистон учун қардош давлат, ишончли иттифоқчи ва стратегик ҳамкор эканини урғуланади. 

“Биз Ўзбекистон раҳбариятининг Қорақалпоғистон Республикасидаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган қарорларини олқишлаймиз ва қўллаб-қувватлаймиз. 

Ғоят муҳим сиёсий воқеа – Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум арафасида қардош Ўзбекистонда тинчлик ва осойишталик қарор топишига ишончимиз комил”, дейилади баёнотда.

Ташқи ишлар вазирлиги берган баёнот ортидан Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 4 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга қўнғироқ қилди. 

Суҳбатда Тўқаев Ўзбекистон раҳбариятининг Қорақалпоғистонда барқарорликни таъминлашга қаратилган қарорлари ўз вақтида қабул қилинганини таъкидлади. Шавкат Мирзиёевга Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум ўтказишда муваффақият тилади ва бу воқеа қардош Ўзбекистонда кенг кўламли сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар дастурини амалга оширишда муҳим лаҳза бўлишини айтди.

Бишкекнинг муҳим чақириғи

Расмий Бишкек эса Ўзбекистонга ҳурматини кўрсатган ҳолда, Қирғизистондаги жамоатчилик фаоллари, блогерлар ва бошқалардан Қорақалпоғистонда содир бўлаётган воқеалар хусусида турли провокацион постларни чоп этмасликни, воқеаларга баҳо бермасликни сўради. Бундай мурожаат Президент матбуот котиби Эрбол Султонбоевдан янграган. 

Султонбоев Қирғизистоннинг бошқа бирорта давлатнинг ички ишларига аралашишга ҳаққи йўқлигини таъкидлаган:

"Хорижий мамлакатларда содир бўлаётган барча жараёнлар соф уларнинг ички иши. Шунинг учун ҳам яхши қўшничилик тамойилларига зид бўлган ноаниқ фикр ва баҳоларни эълон қилишдан тийилишингизни яна бир бор сўраймиз".

4 июль куни Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров ҳам Ўзбекистон раҳбарига сим қоқди. Жапаров Қирғизистон томони Ўзбекистонда кечаётган воқеаларни катта ташвиш билан қабул қилганини таъкидлаган. 

Ўз навбатида у, қатъий ва келишилган ҳаракатлар туфайли Қорақалпоғистонда вазиятнинг нормаллашишини таъминлаш ва унинг янада кескинлашишига йўл қўймаслик мумкин бўлганини айтган 

Қирғизистон раҳбари Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар натижалари барқарорликни таъминлаш учун мустаҳкам замин яратиши ва мамлакатнинг узоқ муддатли стратегиясини амалга оширишнинг ишончли кафолати бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирди.

Жим қолаётган Россия ёки тилга кирган Песков

Россия ҳалигача расмий баёнот бергани йўқ. Кремль ҳам, мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Қорақалпоғистондаги воқеалар ҳақида миқ этмаган. Фақат Президент Матбуот котиби Дмитрий Песков журналистнинг Қорақалпоғистондаги воқеалар ҳақидаги саволига нисбатан, бўлиб ўтган ҳодисаларга муносабат билдирган. 

“Ўзбекистон бизнинг иттифоқдошимиз, дўст давлатимиз, жуда муҳим ҳамкоримиз. Ўзбекистонда содир бўлаётган ҳамма нарса шу давлатнинг ички иши”, деган Песков.

Унинг сўзларига кўра, Россия Федерацияси Ўзбекистон раҳбариятининг фаол ҳаракатлари сабаб барча мавжуд муаммолар ҳал этилишига шубҳа қилмайди.

Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ҳам Ўзбекистон раҳбарига қўнғироқ қилиб, Душанбе Қорақалпоғистон Республикасида барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини билдирган. 

Барқарорлик издан чиқишига йўл қўйиб бўлмайди

Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель бугун, 4 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот қилди ва Қорақалпоғистондаги вазиятнинг баъзи бузғунчи кучлар томонидан издан чиқарилишига йўл қўйиб бўлмаслигини айтди. 

Шарль Мишель жиноий унсурлар томонидан уюштирилган тартибсизликлар натижасида қурбон бўлганларнинг оилалари ва яқинларига ҳамдардлик сўзларини етказишни сўраган.

Еврокенгаш Президенти Ўзбекистоннинг кучли фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат барпо этиш сари очиқ ислоҳотлар йўлини давом эттириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган.

Европа Иттифоқидан Ўзбекистон Ҳукуматига чақириқ

Кейинроқ, Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукуматини Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеаларни очиқ ва мустақил тергов қилишга чақирди. Ташкилот сайтида Қорақалпоғистондаги воқеаларга оид баёнот эълон қилинди.

“Европа Иттифоқи Ўзбекистон Конституциясига таклиф этилаётган тузатишлар эълон қилинганидан кейин Қорақалпоғистонда содир бўлган зўравонлик воқеаларини очиқ ва мустақил тергов қилишга чақиради. Биз қурбонлар борлиги ва инсонлар ҳаётини йўқотганидан чуқур афсусдамиз ва воқеалар ривожини диққат билан кузатишда давом этамиз”, дейилади баёнот аввалида. 

Шунингдек, идора Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан таклиф этилаётган Конституцияга ўзгартиришлар киритиш юзасидан жамоатчиликнинг хавотирларига тезкорлик билан муносабат билдириш бўйича кўрилган чораларни эътироф этган. 

“Биз барча томонларни ҳар қандай кучайиш ёки зўравонликларни давом эттиришнинг олдини олиш мақсадида ўз ҳаракатларида вазминлик кўрсатишга чақирамиз. Европа Иттифоқи расмийларни Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига мувофиқ инсон ҳуқуқлари, жумладан, сўз эркинлиги ва йиғилишлар эркинлиги каби асосий ҳуқуқларни кафолатлашга чақиради”, дейди ЕИ.

Хитой ҳам жим қараб тургани йўқ

Қорақалпоғистондаги воқеаларга Ўзбекистоннинг дўст қўшниси ва кенг қамровли стратегик ҳамкори сифатида Хитой Ўзбекистон ҳукуматининг миллий осойишталикни таъминлаш борасидаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини баён этди. 

“Хитой томони бир неча кун аввал Ўзбекистонда бўлиб ўтган воқеалардан хабардор. Ўзбекистоннинг дўст қўшниси ва кенг қамровли стратегик ҳамкори сифатида Хитой Ўзбекистон ҳукуматининг миллий осойишталикни таъминлаш борасидаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди”, деган Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Чжао Лицзянь.

Туркия қандай фикрда? 

Кўп ўтмай Туркия ҳам Ўзбекистон лидерининг Қорақалпоғистонда тинчлик ва барқарорликни сақлаш борасида амалга ошираётган саъй-ҳаракатларини олқишлади. 

Ўзбекистон томонидан Қорақалпоғистонда тинчликни ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича қилинаётган ишларни Туркия қатъий қўллаб-қувватламоқда. Буни Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов билан суҳбатда айтган.

ШҲТдан қоралов

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг (ШҲТ) минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) ҳам оммавий тартибсизликлар уюштириш ва ҳокимиятни эгаллашга уринишда ифодаланган Қорақалпоғистон Республикасидаги беқарорликка уринишларни қоралади. 

ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси конституцияга зид кўринишлар ва ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга уринишларни қоралаб, жорий йилнинг 1 июлида содир бўлган воқеалар муносабати билан барқарорлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни сақлаш тарафдори эканини билдирди

Алоҳида урғуланишича, ШҲТ минтақавий аксилтеррор тузилмаси ҳолат бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрилаётган чораларни қўллаб-қувватлайди. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1-2 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.

Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди. 

Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.

Бугун, 4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.

Содир бўлган воқеаларда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатилди


Мақола муаллифи

Теглар

Қорақалпоғистон

Баҳолаганлар

720

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг