Донецкни “озод қилиш”га ташлайдиган ҳеч ким йўқ – Арестович русларнинг имконияти ҳақида

Олам 18113
image
-

Россияда Украинанинг Донецк вилоятини тўлиқ эгаллаш учун етарли шахсий таркиб мавжуд эмас. Бу ҳақда Украина Президенти девони раҳбари ўринбосари Алексей Арестович адвокат ва ҳуқуқшунос Марк Фейгинга берган интервьюсида айтиб ўтди.

Унинг таъкидлашича, Изюм йўналишида рус қўшинлари кўплаб йўқотишларга дучор бўлмоқда. Хусусан, Изюм яқинида украиналик ҳарбийлар Россия бўлинмаларидан бирининг дала қўмондонлик пунктига зарба берган ва ҳозир у йўқ.

“Россия қўшинлари учун у ерга бориш қийин, йўқотишлар, йўқотишлар, йўқотишлар. У ерда жуда оғриқли. Жисмонан Донецк вилоятини “озод қилиш”га ташлайдиган ҳеч ким йўқ... Луганск – мен буни ҳали ҳам тушунаман, лекин Донецк вилоятини эгаллаш учун Лисичанск ва Северодонецк каби тўртта шаҳарни олиш керак”, дейди у.

Бундан олдин Алексей Арестович рус босқинчиларининг Луганск вилоятидаги муваффақияти тактикдан оперативгача ривожланиш учун барча имкониятларга эга эканини айтганди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 52
Рейтинг: 2.9
t
×