Донецкда вазият даҳшатли – БМТ

Олам 15861
image
-

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тўққиз миллионга яқин украиналикларга ҳаётни сақлаб қолиш учун ёрдам кўрсатмоқда ва келгуси ойларда яна миллионлаб одамларгача етиб боришни мақсад қилган. Бу ҳақда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Швейцариянинг Лугано шаҳрида Украинани қайта тиклаш бўйича конференцияда видеомурожаат билан чиқиш чоғида маълум қилди.

Гутерришнинг сўзларига кўра, БМТ Украина ҳукуматини инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш, мамлакатни тиклаш ва ривожлантириш режасини илгари суриш ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида эришилган ютуқларни ҳимоя қилишда қўллаб-қувватлаш тарафдори. 

“БМТ Украина ҳукумати билан портламаган ўқ-дорилар, миналар ва кассетали бомбалар хавфини бартараф этиш устида ишламоқда. Бундан ташқари, биз муҳим инфратузилма объектларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун замин тайёрлаяпмиз”, деди Антониу Гутерриш. 

Ўз навбатида, БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррик Нью-Йоркдаги матбуот анжуманида БМТга Донецк вилоятида фронт чизиғининг ҳар икки томонида кўп сонли тинч аҳоли вакилларининг ўлими ва жароҳатланишига сабаб бўлган шиддатли жанглар ҳақида хавотирли хабарлар олаётганини айтди.  

Унинг сўзларига кўра, юзлаб уйлар ва фуқаролик инфратузилмаси, жумладан, Словянскдаги сув таъминоти тизими жиддий зарар кўрган. 

“Словянск ва Краматорскнинг ҳукумат назорати остидаги ҳудудларида яшовчилар дам олиш кунларини, айниқса, оғир ўтказди. Ҳар икки шаҳар ҳокимлари шаҳарликларни бошқа жойлардан бошпана излашга ундаган”, дейди Дюжаррик. 

Унинг қайд этишича, Донецк вилоятининг нодавлат назорати остидаги ҳудудларида ҳам вазият даҳшатли. Буларнинг барчасига қарамай, БМТнинг Украинада одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш бўйича ишлари давом этмоқда.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

4 июль куни Россия Мудофаа вазири, армия генерали Сергей Шойгу Россия Президенти Владимир Путинга (Ўзбекистонда тан олинмаган – таҳр.) Луганск Халқ Республикасининг озод қилингани ҳақида ҳисобот берди. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 28
Рейтинг: 3.3
t
×