Донецк ва Луганскда Россияга қўшилиш бўйича референдум санаси белгиланди

Олам

image

“Луганск халқ республикаси” номини олган россияпараст айирмачилар Украина вилоятининг Россия Федерацияси таркибига кириши бўйича референдум санасини эълон қилди. Россия матбуотининг ёзишича, бу ҳақда “ЛХР халқ кенгаши” қарор қабул қилган. 

Қарорга кўра, референдум 2022 йил 23-27 сентябрь кунлари ўтказилади. 

Кўп ўтмай, худди шундай референдум ўтказиш учун худди шу кунлар "Донецк Халқ Республикаси Халқ Кенгаши"да тасдиқланган. 

Айни пайтда, “ДХР” раҳбари Денис Пушилин Россия етакчиси Владимир Путиндан референдумдан сўнг “республика”ни имкон қадар тезроқ овоз беришнинг ижобий натижаси билан Россия Федерацияси таркибига киритишни сўрагани маълум бўлди. 

Херсонлик бўлгинчилар ҳам ДХР билан бир вақтда Россияга қўшилиш бўйича референдум ўтказишларини маълум қилгани айтилмоқда. 

Россия Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин аввалроқ бўлиши мумкин бўлган референдумлар ҳақида шундай деган эди:  

“Агар улар тўғридан-тўғри ўз хоҳиш-иродасини билдириш чоғида Россиянинг бир қисми бўлмоқчи эканликларини айтишса, ҳамкасблар, биз уларни қўллаб-қувватлаймиз, бунга розимисиз?”

Бу саволдан кейин Дума аъзолари Володиннинг айтганларини қарсаклар билан қўллаб-қувватлаган эди. 

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг айтишича, “ДХР”, “ЛХР”, Херсон ва Запорожье вилоятларида Россияга қўшилиш бўйича референдум ўтказиш ташаббуси бу ҳудудларда яшовчи халқларнинг ўз тақдирини ўзлари ҳал қилиш истагидан далолат беради.

Шу билан бирга, Украина Президенти девонининг раҳбари Андрей Ермак мамлакатнинг босиб олинган ҳудудларида ўтказилган “референдум флешмоби”ни Россия томонининг “қўрқув белгиси” деб атаган. 

“Украина Россия масаласини ҳал қилади. Таҳдидни фақат куч билан бартараф этиш мумкин”, деб ишонтирган у.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

ЛХР Россия-Украина уруши Украинага босқин ДХР

Баҳолаганлар

21

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг