Донбассни эгаллаш нега Россия учун муҳим вазифага айланди? Пентагон учта сабаб кўрсатди

Олам

image

Пентагон маълумотларига кўра, Россия армиясининг Украина шарқидаги сўнгги маневрлари Донбассни қўлга олиш улар учун устувор вазифага айланганидан далолат бермоқда. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлиги вакили маълум қилди.

Пентагон нима учун Россия Федерацияси устувор мақсадларини ўзгартиришга қарор қилганлигининг учта версиясини илгари сурмоқда:

•    шарқдаги Украина қўшинларини мамлакатнинг қолган қисмидан узиб қўйишга уриниш;
•    бўлажак тинчлик музокаралари учун восита олиш;
•    стратегик мақсадларида умумий ўзгариш.

“Эҳтимол, улар ўзларининг стратегик мақсадларини ошириб кўрсатаётгандирлар, чунки амалда Киев томон юриш тўхтаган. Лекин биз буни аниқ билмаймиз. Шунчаки, бу ўзгариш ортида нима турганини аниқ билмаймиз. Сизга кўриб турган нарсамизни айта оламан, Донбасс учун устуворликларнинг доимий ўзгараётганини кўриб турибмиз”, дейди АҚШ Мудофаа вазирлиги вакили.

Шу билан бирга, Қўшма Штатлар Россия ўз эътиборини Донбасс билангина чеклайди, деб тахмин қилиш учун асос кўрмаяпти.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

45

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг