Даҳшат! Изюмдаги оммавий қабристондан 436 кишининг жасади топилди
Олам
−
24 Сентябрь 2022
17242Украина расмийлари Изюм оммавий дафн майдонидан жасадларни қазиб олиш ишларини якунлаганини маълум қилди. Мазкур ҳудуддан 436 та жасад топилган, улардан 30 тасида қийноқ излари бор.
“Россия босқинининг инсоний қурбонлари ҳақидаги даҳшатли далиллардан бири шуки, жасадларнинг аксариятида қийнаб ўлдириш белгилари бор эди. Бўйнига арқон боғланган, қўллари боғланган, оёқ-қўллари синдирилган ва ўқдан яраланган жасадлар бор. Бир қанча эркакларнинг жинсий аъзолари кесилган”, дейди Харьков вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов ўзининг Telegram-каналида.
Унинг қайд этишича, буларнинг барчаси босқинчилар Изюм аҳолисини қандай даҳшатли қийноқларга дучор қилганидан далолат беради.
Синегубовнинг қўшимча қилишича, жасадларнинг аксарияти тинч фуқаролар бўлиб, фақат 21 нафари ҳарбийлардир.
Апрель ойида Украинанинг Харьков ва Донецк вилоятлари чегараси яқинида жойлашган Изюм шаҳри ишғол этилгунга қадар Россиядан шиддатли артиллерия ҳужумига учраган эди. Кейин эса у беш ойлик оккупация даврида босқинчи ҳарбийлар учун муҳим марказга айланди.
Украина кучлари мазкур ойда Россиянинг шарқдаги ҳужумига қарши стратегик зарба бериб, шаҳар назоратини қайтариб олди. Украина қўшинлари Харьков вилояти орқали шарққа янги ҳужум бошлаганидан сўнг, рус қўшинлари стратегик шарқий шаҳарни тарк этишга мажбур бўлди.
Украинанинг ҳужуми минглаб квадрат километр ҳудудларни муваффақиятли қайтариб олинишига олиб келиши баробарида, тинч аҳоли ва аскарларнинг Россия кучлари қўлида бошдан кечирган даҳшатлари ҳақидаги далиллар ҳам фош бўлди.
Синегубовнинг айтишича, бу топилган майдон ягона оммавий қабристон эмас. Харьков вилоятининг озод қилинган бошқа туманларида яна камида учта шундай оммавий қабристонлар бор.
Унинг қўшимча қилишича, топилган жасадларнинг ҳар бирининг айтиб бериши мумкин бўлган ўз ҳикояси бор ва Синегубов “уларнинг қариндошлари ва дўстлари ҳақиқатни билиши ва қотиллар жазоланиши учун” ҳар бир ўлим ҳолатини аниқлаштиришга ваъда берган.
“Босқинчиларнинг барча жиноятлари ҳужжатлаштирилади, жиноятчилар қилган ишининг бадалини тўлайди”, дейди Синегубов.
У 200 кишига, жумладан, тиббий кўрикдан олиб борувчи шифокорлар, милиция ходимлари ва фавқулодда вазиятлар хизмати ходимларига ҳар кунги руҳий жиҳатдан оғир, аммо ниҳоятта зарурий ишлари учун миннатдорлик билдирди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь