Бунақаси ҳали бўлмаган – Песков Россия иқтисоди танг аҳволдалигини тан олди

Олам 19357
image
-

Россияга қарши ҳеч қачон бундай кенг кўламли иқтисодий уруш бўлмаган, мамлакатда нархларнинг ошиши  бўйича прогноз қилишнинг ҳожати йўқ, салбий оқибатлар ва кейинги хавфларни камайтириш учун чоралар кўриш керак. Бу ҳақда Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга айтиб ўтди

Песковнинг сўзларига кўра, кеча, 9 март куни Россия давлат статистика хизмати 26 февралдан 4 мартгача бўлган ҳафта давомида Россияда нархлар 2,22 фоизга ошгани ҳақида хабар берган. Маҳаллий автомобилларнинг нархида кескин ўсиш кузатилиб, 17,09 фоизга қимматлашган, хорижий автомобиллар нархи ҳам 15,2 фоизга ошган. 

Шунингдек, худди шундай ўсиш маиший техникада ҳам қайд этилган: чангютгичлар 14,56 фоизга, телевизорлар 14,97 фоизга қимматлашган. Айрим сабзавот ва мевалар, дори-дармон нархлари инфляция даражасидан ҳам тез ўсмоқда. 

Қайд этилишича, Песков журналистларнинг 2,22 фоиз инфляция қиймати чегара эмаслиги ва ўсиши мумкинлиги ҳақидаги саволини жавобсиз қолдирган. 

“Мен буни жавобсиз қолдираман, чунки ҳозир ниманидир башорат қилиш мутлақо нотўғри иш ва бу қаҳвахонада ўтириб тахмин қилишга ўхшайди, чунки вазият мутлақо мисли кўрилмаган. Яъни, мамлакатимизга қарши бундай иқтисодий уруш ҳали бўлмаган. Шунинг учун бирор нарсани олдиндан айтиш жуда қийин. Энди биз салбий оқибатлар ва кейинги хавфларни минималлаштириш учун олдиндан башорат қилмай, балки ҳаракат қилишимиз керак”, дейди Президент матбуот котиби.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 65
Рейтинг: 2.9
t
×