Буларнинг барчаси Россиянинг қўрқоқлигидан – Зеленский 

Олам

image

Россия ўнлаб йиллар давомида Украинага нисбатан юритган сиёсати нотўғри эканини тан олишдан қўрқади. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский таъкидлади.  

“Улар Россиянинг Украинага нисбатан ўнлаб йиллар давомида олиб борган бутун сиёсати нотўғри бўлганини тан олишдан қўрқади. Улар янги хатоларга йўл қўйди. Ўзлари ўзларини ҳар қандай сиёсий воситалардан маҳрум қилди ва ҳақиқий бўлмаган амбициялардан воз кечишни истамай, бу урушни бошлади”, деган Зеленский. 

Зеленский Россия ўзининг тажовузкорлиги учун айбни Украина зиммасига юкламоқчи эканини таъкидлаган. 

“Улар Қримни эгаллаб олди, гўё биз айбдормиз. Улар Донбассдаги нормал ҳаётни йўқ қилди, гўё биз айбдормиз. Улар Малайзия Boeing’ини уриб туширди, гўё биз айбдормиз. 8 йилдирки улар бизнинг еримизда одамларни, болаларни ўлдирмоқда, гўё биз айбдормиз. Улар Европа шарқидаги энг қудратли саноат ҳудудини вайрон қилди, биз эса айбдормиз. Улар миллионлаб одамларнинг ҳаётини бузди, гўё биз айбдормиз. Улар бизга қарши кенг кўламли уруш бошлади, гўё биз айбдормиз. Улар аллақачон Украинага зарба бериш учун 2000 та ракета, сон-саноқсиз ҳаво бомбалари, артиллерия снарядлари, миналарни сарфлаган, гўё биз айбдормиз. Улар бизнинг еримизда қийноққа солишди, ўлдиришди, гўё биз айбдормиз. Улар юз минглаб украиналикларни, болаларимизни депорт қилди, ҳали ҳам гўё биз айбдормиз”, деган у. 

Президентнинг фикрича, буларнинг барчаси қўрқоқликдан. 

“Қўрқоқлик кучайса, у фалокатга айланади. Одамларда ўз хатоларини тан олишга, кечирим сўрашга, ҳақиқатга мослашишга, ўрганишга журъат етмаса, улар йиртқич ҳайвонларга айланади. Дунё бунга эътибор бермаса, йиртқич ҳайвонлар дунё уларга мослашиши керак, деб қарор қилади”, деган Зеленский. 

Унинг таъкидлашича, Украина буларнинг барчасини тўхтатади, Россия қўрқоқлигига ҳеч нарса ёрдам бермайди ва Россия ҳақиқатни тан олишга мажбур бўладиган кун келади.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

47

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made