Бухоро ва Қашқадарёдаги айрим энергетика корхоналарида табиий офат натижасида авария юз берди

Жамият 3618
image

Кеча, 27 апрель куни соат 20:00 дан 22:30 гача бўлган вақт оралиғида Бухоро, Навоий, Қашқадарё вилоятлари ҳудудида кузатилган кучли шамол ва ёғингарчилик “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятига ҳам салбий таъсирини кўрсатди. Бу ҳақад Энергетика вазирлиги маълум қилди.

Соат 20:20 да кучли шамол оқими келиши натижасида, Қашқадарё вилоятида жойлашган “Муборак нефть газ қазиб чиқариш бошқармаси”га қарашли “Алан” конидаги сиқув компрессор станциясидаги 100 ва 200-сонли газ ҳайдаш агрегатлари ва “Кўкдумалоқ” конидаги 2-йиғиш жойидаги 100-сонли газ ҳайдаш агрегати авария ҳолатда тўхтаб қолди.

Соат 21:55да “Кўкдумалоқ” конидаги 2-йиғиш жойидаги 100-сонли газ ҳайдаш агрегати, 22:00да эса “Алан” конидаги сиқув компрессор станциясидаги 100-сонли газ ҳайдаш агрегатлари ишга туширилди. 28 апрель куни соат 01:45да эса “Алан” конидаги сиқув компрессор станциясидаги 200-сонли газ ҳайдаш агрегатининг фаолияти қайта тикланди.

Бухоро вилоятида жойлашган “Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси”га қарашли “Учқир” газни олтингугуртдан тозалаш қурилмасининг 1, 2, 3, 4 ва 5-сонли технологик тармоқлари ва “Учқир” қурилмасига юқори босимли буғ етказиб берувчи қозонхонадаги 1,3,4,5,6 сонли қозонлари 27 апрель куни соат 20:35да авария ҳолатда тўхтаб қолди.

Ҳозирга қадар электр таъминотидаги узилишлар сабабли, “Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси”га қарашли қурилмалар фаолияти тиклангани йўқ.

Кечанинг ўзида, соат 21:37да “Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси”га қарашли, “Шўртан” сиқув компрессор станцияси-1 (Bateman)даги 1-сонли газ ҳайдаш агрегати, Тозаланган товар газни магистрал газ қувурига ҳайдаш компрессор станциясидаги 6 ва 7-сонли газ ҳайдаш агрегатлари, Сиқув компрессор станцияси-2 даги (КМПО) 300-сонли газни ҳайдаш агрегати, Газдан пропан бутан олиш қурилмасидаги 1,2,5-сонли турбодетандр агрегатлари, Сиқув компрессор станцияси-1 (Bateman)даги 3-сонли газ ҳайдаш агрегати ишлашдан тўхтади.  

Бугун, 28 апрель куни соат 03:50 га қадар бўлган вақт оралиғида “Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси”га қарашли барча технологик қурилмаларнинг иш фаолияти қайта тикланди ва улар бир маромда ишламоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Марказий ишлаб чиқариш диспетчерлик департаменти хабарига кўра, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ тасарруфидаги филиал ҳамда юқори кучланишли подстанцияларда хизмат вазифасини олиб борувчи мутахассислар билан ҳамкорликда электр таъминотини тиклаш ҳамда кучли шамол оқибатида етказилган зарар оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу табиий офат оқибатларини кўздан кечириш, зарур чора-тадбирларни белгилаш ҳамда аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш мақсадида бугун Бухоро вилоятига жўнаб кетди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 54
Рейтинг: 3.1
t
×