Зилзила хавфи: ЖССТ Ўзбекистонни огоҳлантирди
Жамият
−
13:24 12498 3 дақиқа
Зилзилалар дунёдаги энг кўп одам умрига завол бўлувчи табиий офатлар бўлиб қолмоқда. Ўзбекистоннинг ҳам айрим ҳудудлари юқори сейсмик фаоллик зоналарида жойлашган. Шу сабабли Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти огоҳлантириш билан чиқди.
ЖССТ маълумотларига кўра, 2000 йилдан 2023 йилгача бўлган даврда табиий офатлар билан боғлиқ барча ўлим ҳолатларининг ярмидан кўпи айнан зилзилалар ҳиссасига тўғри келган. Марказий Осиё давлатлари учун бу мавзу алоҳида аҳамиятга эга. Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудининг деярли бари, шунингдек, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг айрим ҳудудлари юқори сейсмик фаоллик зоналарида жойлашган. Мутахассислар Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудларини ўз ичига олган ҳамда 11 миллионга яқин аҳоли истиқомат қиладиган Фарғона водийсига алоҳида эътибор қаратмоқда.
ЖССТ эҳтимолий зилзилаларга тиббиёт тизимининг тайёрлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлайди. 2023 йилда Туркия ва Сурияда юз берган вайронкор зилзилалар тажрибаси шуни кўрсатдики, агар шифохоналар табиий офатдан сўнг дарҳол ўз фаолиятини тўхтатса, минглаб жабрланганлар ўз вақтида кўрсатиладиган тиббий ёрдамсиз қолиб кетиши мумкин.
Экспертларнинг қайд этишича, тиббиёт муассасаларининг сейсмобардошлигига киритиладиган инвестициялар офат оқибатларини бартараф этиш харажатларига қараганда анча кам. БМТ баҳолашига кўра, янги шифохоналарни сейсмобардошлик талабларини ҳисобга олган ҳолда қуриш лойиҳа қийматини 4 фоиздан камроққа оширади, мавжуд биноларни модернизация қилиш эса уларнинг қийматидан тахминан 1 фоиз атрофида маблағ талаб этиши ва уларнинг кучли ер силкинишларига чидамлилигини сезиларли даражада ошириши мумкин.
Тиббиёт инфратузилмасини мустаҳкамлашдан ташқари ЖССТ мунтазам равишда ўқув машғулотлари ўтказишни, шошилинч тиббий гуруҳларнинг тайёргарлигини таъминлашни, хизматлар ўртасидаги ҳамкорликни такомиллаштиришни ҳамда аҳолининг энг заиф қатламлари – кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва мажбурий кўчирилганларни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратишни тавсия этади.
Мутахассислар дунёдаги энг фаол тектоник ёриқлардан бирининг яқинида жойлашган Истанбул шаҳрини мисол тариқасида келтирмоқда. Тадқиқотларга кўра, ушбу ҳудудда яқин ўн йилликларда кучли зилзила юз бериши эҳтимоли юқорилигича қолмоқда. Бу эса нафақат Туркия, балки сейсмик фаоллиги юқори бўлган бошқа давлатлар, жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари учун ҳам олдиндан тайёргарлик кўриш зарурлигини яна бир бор исботлайди.
ЖССТнинг билдиришича, сўнгги йирик зилзилаларнинг бош сабоғи шундан иборатки, навбатдаги офат юз бергунга қадар унга олдиндан тайёргарлик кўриш шарт.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 24 июнь куни Венесуэлада иккита кучли зилзила содир бўлганди. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар сони 4 500 га яқинлашди, яна 16 минг 740 киши жароҳат олгани қайд этилган. Ҳозирча бедарак йўқолганлар сони бўйича аниқ маълумот берилмаган.
Live
Барчаси