Перуда иккита зилзила содир бўлди. Қурбонлар бор

Олам

image

Перунинг тоғли ҳудудида юз берган иккита зилзила оқибатида камида 6 киши ҳалок бўлди, 21 нафар инсон жароҳат олди. Бу ҳақда мамлакат Фуқаро мудофааси институти раҳбари маълум қилди.

Қайд этилишича, зилзилалар 19 июль кечаси Хунин вилоятининг Чупака провинциясида, пойтахт Лимадан тахминан 300 километр шарқда содир бўлган. Перу Миллий сейсмология маркази маълумотига кўра, биринчи ер силкиниши 5,1 магнитудада, иккинчиси эса 3,7 магнитудада қайд этилган.

Марказнинг билдиришича, биринчи зилзила 24 километр, иккинчиси эса 18 километр чуқурликда юз берган. Европа–Ўртаер денгизи сейсмология маркази эса биринчи зилзиланинг магнитудасини 5,6 деб баҳолаган.

Перу Миллий фуқаро мудофааси институти раҳбари Луис Васкес “Exitosa” радиостанциясига берган интервьюсида дастлабки маълумотларга кўра, 48 та уй бутунлай вайрон бўлгани, яна 18 таси шикастланганини билдирган. Бу ҳодиса тахминан 300 нафар аҳолига таъсир кўрсатган бўлиб, уларга вақтинчалик яшаш учун чодирлар ажратилмоқда.

Чупакадаги зарар кўрган аҳоли пунктларидаги уйлар асосан хом ғиштдан қурилган содда иншоотлардан иборат. Васкеснинг айтишича, қутқарувчилар ва ёнғин хавфсизлиги хизматлари вайроналарни тозалаш ишларини бошлаган. Қутқарувчилар вайроналар остида яна жабрланганлар қолган бўлиши мумкинлигидан хавотирда.

Маълумот учун, Перу Тинч океаннинг “Олов ҳалқаси” деб аталувчи сейсмик фаол ҳудудида жойлашган бўлиб, дунёдаги ер силкинишларининг тахминан 85 фоизи айнан шу минтақада содир бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мексиканинг Тинч океани соҳиллари яқинида 7,4 магнитудали зилзила содир бўлганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг