Мексикада даҳшатли зилзила бўлди (видео)

Олам

image

Кеча, 17 июль куни Мексиканинг Тинч океани соҳиллари яқинида 7,4 магнитудали зилзила содир бўлди. Ҳозирча қурбонлар ва жиддий талафотлар ҳақида маълумот йўқ. Бу ҳақда АҚШ Геология хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, зилзила маҳаллий вақт билан соат 08:48 да Чьяпас штатидаги Пуэрто-Мадеро порти яқинида, Гватемала чегарасига яқин ҳудудда юз берган. Унинг эпицентри аҳоли пунктидан тахминан 10 километр шимолда жойлашган.

Мексика Миллий сейсмология марказининг маълумотига кўра, асосий зилзиладан сўнг 5,2 магнитудали такрорий ер силкиниши қайд этилган. Зилзиладан кейин АҚШнинг Миллий океан ва атмосфера бошқармаси эпицентрдан 300 километргача бўлган қирғоқ ҳудудлари учун цунами хавфи ҳақида огоҳлантириш берган. Орадан тахминан бир соат ўтиб, мазкур огоҳлантириш бекор қилинган.

Мексика ҳукумати ҳодисадан сўнг, хавфсизлик кучлари ва фуқаро муҳофазаси ходимларини воқеа жойига сафарбар қилган. Расмийларга кўра, ҳозирча ҳалок бўлганлар, жабрланганлар ёки жиддий вайронагарчиликлар қайд этилмаган.

Мамлакат Ҳарбий-денгиз кучлари вазири Раймундо Педро Моралес Анхелес айрим пляжларда цунами таъсири сабаб денгиз сатҳи ярим метргача кўтарилиши мумкинлигини билдириб, фуқароларни вақтинча қирғоқ ҳудудларидан узоқроқ туришга чақирган. Унинг таъкидлашича, вазият назорат остида.

Шунингдек, Чьяпас штатининг эпицентрга яқин айрим ҳудудларида эҳтиёт чораси сифатида аҳоли эвакуация қилинган. Мамлакатнинг жануби-шарқидаги бошқа ҳудудларда эса зилзила сезиларли оқибатларга олиб келмагани билдирилган.

Эслатиб ўтамиз, Венесуэлада жорий йилнинг 24 июнь куни кетма-кет кучли зилзилалар содир бўлган эди. Зилзила оқибатида мамлакат пойтахти Каракас шаҳрида турар жой бинолари ва бошқа иншоотлар қулаб тушган. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар сони қарийб 4,5 минг кишига етган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг