Тибетда даҳшатли зилзила бўлди. Ўнлаб қурбонлар бор

World

−

image

Хитойнинг Тибет мухтор районида 7 магнитудали зилзила содир бўлди. Оқибатда 16 киши ҳалок бўлиб, 32 киши жароҳатланди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, зилзила кеча, 22 октябрь куни маҳаллий вақт билан соат 22:33 да юз берган. Бугун, 23 октябрь куни соат 02:25 ҳолатига кўра, жароҳатланганлардан 11 нафарининг аҳволи оғир, 21 нафари эса енгил тан жароҳатлари олган.

Хитой давлат телеканали хабар беришича, зилзила эпицентрига яқин қишлоқларда айрим уйларнинг деворларида ёриқлар пайдо бўлган. Маҳаллий расмийлар қишлоқлардан бирида камида икки нафар жароҳатланган кишини аниқлаган. Шунингдек, камида 339 та уй ва 20 та чорва моллари сақланадиган бино қулаган. Қидирув-қутқарув ишлари эса давом этмоқда.

Маълум қилинишича, зилзила ўчоғи Тибетнинг шимолий қисмидаги Нагчу шаҳри ҳудудида, 10 километр чуқурликда жойлашган. Эпицентр Лхаса шаҳридан қарийб 400 километр узоқликда бўлган. Ушбу ҳудуд денгиз сатҳидан ўртача 4 864 метр баландликда жойлашган.

Зилзиладан кейин маҳаллий қутқарув ва ёнғин хавфсизлиги гуруҳлари офат ҳудудига сафарбар этилган. Қутқарув ишларига 1 600 дан ортиқ киши жалб қилинган. Ҳудудга 1 000 та йиғма уй, қарийб 3 000 та чодир, йиғма каравотлар, фонарлар ва қишки кийимлар етказилган. Шунингдек, атрофдаги ҳудудларда 3 ва 4 магнитудали бир нечта кичик ер силкинишлари қайд этилган.

“Синьхуа”нинг хабар беришича, зилзила оқибатида айрим ҳудудларда алоқа узилган. Маҳаллий темирйўл идоралари фавқулодда чоралар кўриб, зилзила ҳудудидан ўтадиган поездлар ҳаракатини тўхтатган. Бундан ташқари, тоғ жинслари қулагани сабабли 317-сонли миллий автомобиль йўлининг бир қисми ёпилган ва ҳозирча ундан фақат қутқарув ҳамда фавқулодда хизматлар транспорти ўтмоқда. Ҳудудда яқин уч кун давомида қор ёғиши кутилаётгани қутқарув ишларини мураккаблаштириши мумкин.

Маълумот учун, бу Хитойда 2024 йил январидан бери содир бўлган энг кучли зилзила ҳисобланади. 2010 йилда қўшни Синхай провинциясининг Юйшу ҳудудида 7,1 магнитудали зилзила юз бериб, камида 2 698 киши ҳалок бўлган, қарийб 300 киши бедарак йўқолган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Панаманинг жанубида 7,7 магнитудали кучли зилзила содир бўлган эди. Оқибатда бинолар шикастланиб, айримлари қулаган, минглаб одамлар кўчаларга чиққанди.


Tags

Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends