Панамада даҳшатли зилзила бўлди

Олам

−

image

Кеча, 9 октябрь куни Панама жанубида 7,7 магнитудали кучли зилзила содир бўлди. Оқибатда бинолар шикастланди, айримлари қулаб тушди, минглаб одамлар кўчаларга чиқди. Ҳозирча ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар ҳақида маълумот йўқ. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

АҚШ Геология хизмати маълумотига кўра, зилзила 12,6 километр чуқурликда юз берган. Унинг эпицентри аҳоли сийрак яшайдиган ҳудудда, мамлакат пойтахти Панама шаҳридан қарийб 200 километр узоқликда жойлашган. Зилзиладан кейин мамлакатда 40 дан ортиқ такрорий силкинишлар кузатилган.

Кучли силкинишлар сабаб Панама шаҳридаги офис биноларидан ходимлар эвакуация қилинган. Минглаб одамлар кўчаларга чиққани учун шаҳарда транспорт ҳаракати қийинлашган. Токумен халқаро аэропортида парвозлар вақтинча тўхтатилган, бироқ кейинчалик қайта тикланган. Панама канали ва Кобре Панама мис кони эса одатдаги тартибда ишлашда давом этган.

Панама Президенти Раул Мулино зилзиладан зарар кўрган Пенономе шаҳрига борган. Бу ерда айрим бинолар қулаб тушган, черковлардан бири шикастланган. Зилзила оқибатлари мамлакат жанубидаги Читре шаҳри ва Лос-Сантос вилояти соҳилларида ҳам қайд этилган.

Панама Геология институти директори Нестор Луке зилзила Асуэро-Сона ёриқлар тизимида тўпланган кучланишнинг бўшаши натижасида юз берганини айтган. Унинг таъкидлашича, зилзила тебранишлари мамлакатнинг барча ҳудудларида сезилган.

Панама шаҳрида силкинишлар қарийб 40 сония давом этган. Зилзила вақтида эски бинолардан бирининг олтинчи қаватида бўлган Сабина Риос тебранишлар жуда кучли ва узоқ давом этганини айтган.

“Зилзила кучли сезилди ва узоқ давом этди. Бу сўнгги йилларда ҳис қилган энг узоқ силкинишим бўлди”, деган у.

48 ёшли техник ходим Виктор Пинсон эса зилзила вақтида баланд биноларда ишлаётган ойна тозаловчилар кучли тебранишлар сабаб тебраниб кетганини кўрган.

“Улар ҳалок бўлмагани мўъжиза”, деган у.

АҚШ Геология хизмати зилзила оқибатидаги иқтисодий зарар Панама ялпи ички маҳсулотининг 1–10 фоизигача етиши мумкинлигини баҳолаган. Электр энергияси таъминотчиси Naturgy эса мамлакатнинг олти вилоятида электр таъминотида узилишлар кузатилганини маълум қилган.

Қайд этилишича, Панамада кучли зилзилалар кам учрайди. Мамлакатда келаси ҳафтанинг 12 октябрь куни фавқулодда вазиятларда аҳолини эвакуация қилиш бўйича умумхалқ машғулоти ўтказилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Индонезия шарқий соҳиллари яқинида 7,7 магнитудали зилзила ва ўнлаб такрорий силкинишлар содир бўлиб, камида 2 киши ҳалок бўлганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг