Индонезияда 7,7 магнитудали ер силкиниши бўлди
Олам
−
08:58 837 2 дақиқа
Индонезия шарқий соҳиллари яқинида 7,7 магнитудали зилзила ва ўнлаб такрорий силкинишлар содир бўлиб, камида 2 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Маълум қилинишича, зилзила бугун, 15 август куни эрталаб содир бўлган. Жануби-Шарқий Осиё мамлакатида бир нечта ҳудудда баландлиги 1 метрдан кам цунами тўлқинлари қайд этилган, зилзиладан тахминан уч соат ўтиб цунами хавфи ҳақидаги огоҳлантириш бекор қилинган.
Табиий офатларни бартараф этиш миллий агентлигига (BNPB) кўра, ҳалок бўлган икки кишидан ташқари, Сикка округида яна бир киши жароҳатланган.
BNPB'нинг қайд этишича, Шарқий Нуса-Тенггара, Ғарбий Нуса-Тенггара ва Жанубий Сулавеси ҳудудларининг айрим қисмларида кучли силкиниш сезилган. Бир нечта ҳудуд аҳолиси зилзила тахминан бир дақиқа давом этганини билдирган.
“Аҳолининг аксарияти силкинишни ҳис қилди ва уйларидан ташқарига тарқалиб чиқди”, дейилади агентлик баёнотида.
Шарқий Нуса-Тенггара провинциясидаги Энде округида жойлашган шифохона беморларни ташқарига олиб чиққани Kompas TV тасвирларида кўрсатилган. Kompas.com эса камида бир жойда кўчки содир бўлганини хабар қилган.
Геофизика агентлиги (BMKG) биринчи зилзилани соат 04:58 да (Гринвич вақти билан 21:58) 15 километр чуқурликда қайд этган. Шундан кейин бир нечта такрорий силкинишлар содир бўлган.
Австралиянинг цунами огоҳлантириш маркази сув остидаги зилзила Австралия материги, ороллари ёки ҳудудлари учун “цунами хавфини келтириб чиқармаслиги”ни маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 август куни Колумбиянинг ғарбий ҳудудларида юз берган кучли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 250 нафардан ошгани хабар қилинганди.
Live
Барчаси